Наманган шаҳрида 3 та МЧЖнинг қарздорлиги сабаб 300 млн сўмдан ортиқ мол-мулки хатланди

Наманган вилояти Наманган шаҳридаги 3 та МЧЖнинг қарздорлиги сабаб 300 миллион сўмдан ортиқ мол-мулки хатланди. Бу ҳақда вилоят Давлат солиқ бошқармаси ахборот хизмати «Tez News»га хабар берди.

Маълум қилинишича, Исломобод шаҳарчаси ҳудудида жойлашган «Asl Metal» масъулияти чекланган жамияти бюджет ва мажбурий тўловлардан 96 миллион 872,3 минг сўм қарздорлик муддатида тўламаганлиги аниқланган. Сўнгра Солиқ кодексининг 114-моддаси талабларига мувофиқ юборилган солиқ қарзини узиш тўғрисидаги талабнома ижроси таъминланмади.

Шу боис солиқ тўловчига ҳуқуқ ва мажбуриятлари тушунтирилган ҳолда қарздорга тегишли бўлган 200 миллион сўмлик мол-мулки хатланган. Қарздорнинг мол-мулки ҳисобидан ундириш тўғрисида солиқ органи қарори ижро органи томонидан ижрога қаратилгунга қадар вақтинча сақловга олинди.

Шунингдек, Давлатобод даҳасида жойлашган «Зиё Нур Мохидилбону» МЧЖ юзага келган бюджет ва мажбурий тўловлардан бўлган 10 миллион 343,4 минг сўм қарздорликни муддатида тўламаган. Шунинг учун вакил иштирокида қарздорга тегишли бўлган 28 миллион сўмлик мол-мулки хатловга қаратилган.

Мазкур ҳудуддаги «Mega Nuts» МЧЖ муддати ўтган 92 миллион 742,3 минг сўм қарзини ундириш борасида ҳам худди шундай тартиб амалга оширилган.

Бундан аввал Андижон ҳудудий электр тармоқлари корхонасининг «Equinox» автомобили салкам 350 миллион сўм қарздорлик сабаб хатлангани ҳақида хабар қилинган эди. Сўнгра Булоқбошида МИБ қарздор эрнинг собиқ хотинидан яширган «Damas»ини топиб, хатловга олгани маълум қилинди.

Янгиликлар