Бухорода коронавирусга қарши курашга мўлжалланган 6 та шифохона фаолиятини бошлади

Бухоро вилояти Санитария-эпидемиология осойишталик маркази бош директори Aшур Тўхтаев 4 август, сешанба куни ўтказилган брифингда вилоятда коронавирусга қарши курашга мўлжалланган 6 та шифохона иш бошлаганини маълум қилди.

Таъкидланишича, Когон туманида ҳомиладор беморлар учун алоҳида шифоҳона ташкил қилинган. Бошқа касалхоналар эса барча турдаги COVID-19 беморларини қабул қилади.

«Ҳозирда қўшимча равишда 2 та ётоқхона ва 2 та спорт мажмуаси коронавирус беморларини даволайдиган шифохоналар қилиб тайёрланди. Бу шифохоналар айни пайтда фаолиятини бошлаган. Шунингдек, айни пайтда ‘Ёшлик’ спорт мажмуасида ташхис қўйиш, саралаш ва шифохоналарга йўналтириш мажмуаси шакллантирилди. Барча тез тиббий ёрдам машиналари иситмаси чиққан ёки коронавирусда гумон қилинган инсонларни шу марказга олиб боради ва уларга ташхис қўйилади», — дейди вилоят СЭОМ бош директори.

Aввалроқ Бухорода коронавирус беморларини қабул қилиш ва тақсимлаш маркази ташкил этилгани ҳақида хабар берилганди.

Эслатиб ўтамиз, Бухоро вилояти ҳокими вазифасини бажарувчи Карим Камоловнинг коронавирусга чалингани маълум қилинган. Шунингдек, вилоят ҳокимлиги матбуот хизмати ҳоким нега Тошкентдаги шифохонада даволанаётганини изоҳлаб, баёнoт берган.

Янгиликлар