ДХХ Чегара қўшинлари 11 август куни тарқалган видеоролик бўйича маълумот берди. Келишмовчилик сунъий келтириб чиқарилган
Наманган вилояти Янгиқўрғон тумани чегара ҳудудида чегара наряди хизматини олиб бораётган Давлат хавфсизлик хизмати Чегара қўшинлари ҳарбий хизматчиси ва шахси номаълум бўлган фуқаро ўртасидаги келишмовчилик юзага келганлиги тўғрисида видеоролик 11 август куни ижтимоий тармоқларда тарқалди. ДХХ Чегара қўшинлари ушбу ҳолатни ўрганиб чиқиб, расмий баёнот берди.
Ушбу ҳолатга аниқлик киритилганда, 9 август куни Янгиқўрғон туманининг «Мамай» МФЙ чегараолди ҳудудида ДХХ Чегара қўшинлари чегара наряди ўз хизмат фаолиятини олиб бораётган вақтда ушбу ҳудудда истиқомат қилувчи маҳаллий фуқаро Ж.У.га дуч келгани маълум бўлган.
Маҳаллий аҳоли ва чегарачилар ўртасида сунъий келишмовчиликни келтириб чиқариш мақсадида, Ж.У. чегара нарядига нисбатан турли туҳмат ва бўҳтонларни билдириб, ўзининг уяли алоқа воситасига тасвирга олади.
Таъкидлаш жоизки, мазкур ҳудудда чегара бузувчилар томонидан бир неча бор қонун бузилиш ҳолатлари амалга оширилиб, ноқонуний равишда наркотик ва контрабанда воситаларини олиб ўтишга ҳаракат қилинган. Барча ҳолатларнинг олди олиниб, қонунбузарлар тегишли тартибда жавобгарликка тортилган. Шу боис ушбу йўналишлар чегара нарядлари томонидан мунтазам тарзда назорат қилиб борилади.
Қолаверса, «Ўзбекистон Республикасининг Давлат чегараси тўғрисида»ги қонунининг 39-моддасида ДХХ Чегара қўшинлари жойларнинг ҳар қандай участкаларида чегара нарядларини жойлаштириш ҳамда ҳаракат қилиш, транспорт воситаларини чегара нарядлари билан кузатиб бориш, транспорт воситаларини белгиланган тартибда кўздан кечириш ҳуқуқига эга эканлиги белгилаб қўйилган.
Тегишли ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар томонидан ушбу фуқаро билан суҳбат ўтказилганда ўзининг амалга оширган хатти-ҳаракати нотўғри эканлиги ва пушаймонлигини билдирди. Ҳозирги вақтда ушбу фуқарога нисбатан содир этган қилмиши учун белгиланган тартибда чора кўриш ишлари олиб борилмоқда.
Аввалроқ Ўзбекистонга 2,7 миллиард сўмлик дори-дармонларни сомон остига яшириб олиб кирмоқчи бўлган шахслар Наманганда ушлангани хабар қилинган эди.