«Электрон кундалик бепул таълим олиш ҳуқуқини чекламайди» — ХТВ
Халқ таълим вазирлиги матбуот котиби Лайло Рустамова электрон кундалик бепул таълим олиш ҳуқуқини чекламаслигини таъкидлади. У бу ҳақда 24 ноябрь, сешанба куни АОКАда ўтказилган брифингда маълум қилди.
Брифинг давомида «Ўзбекистонда ҳар ким бепул таълим олиш ҳуқуқига эга. Электрон кундалик учун тўлов боланинг бу ҳуқуқини чекламайдими?» деган саволга Лайло Рустамова қуйидагича жавоб берган:
«Йўқ, чекламайди. Сабаби кундалик ёки бошқа ўқув анжомлари мактаб томонидан бепул берилмайди; ота-оналар ҳар доим ўз фарзандлари учун зарур бўлган барча нарсаларни ўзлари харид қилиб келишган. Электрон кундаликнинг жорий этилиши билан қоғоз кундаликдан воз кечилмоқда. Бунда қоғозли кундаликнинг ўртача баҳоси ҳисоби олиниб, унинг электрон муқобилига йиллик обуна — 9200 сўмга баҳоланмоқда».
Унинг сўзларига кўра, электрон кундалик фойдаланувчилари тўғрисидаги барча маълумотлар «Ўзбектелеком» серверларида сақланади. Бу эса ўқув жараёнидаги барча иштирокчиларга оид шахсий маълумотларнинг ишончли ҳимоясини таъминлайди.
Бундан ташқари, Kundalik.com TAS-IX ҳудудида жойлашган бўлиб, платформа билан ишлашда уяли алоқа операторлари орқали фойдаланилганда интернет-трафик сарфланмайди.
Вазирлик вакилининг маълум қилишича, Ўзбекистонда бугунги кунга қадар электрон кундалик тизимида рўйхатдан ўтган мактаблар сони 1557 та бўлиб, шундан 1482 та мактаб қоғоз журнал ва кундаликдан бутунлай воз кечган.
«Халқ таълими вазирлиги ва ‘Kundalik’ компанияси ўртасида давлат-хусусий шериклиги асосида шартнома имзоланган бўлиб, бунинг натижасида хусусий сармоя жалб этилган ҳолда давлат бюджет маблағлари тежалади. Тежалган давлат маблағлари мактабларнинг моддий-техник базасини ривожлантиришга, яъни компьютер ва интернет билан жиҳозлашга йўналтирилади», — дейди вазирлик матбуот котиби Лайло Рустамова.
Таъкидланишича, «Kundalik» компаниясига тушган маблағлар платформанинг техник инфратузилмасини сақлаш, уни ривожлантириш ва кенгайтириш учун сарфланади. «Кундалик» лойиҳаси тўлиқ «Kundalik» компанияси томонидан молиялаштирилади. Маблағлар дастурий таъминотни яратиш, ишлатиш ва сақлашга, тизимни бошқа мактабларда татбиқ этишга сарфланади.
«Aгар электрон кундаликни қўллаш бўйича саволлар юзага келса, уларга жавобларни компаниянинг қўллаб-қувватлаш хизматига +998 (78) 888-82-82 рақами орқали мурожаат қилган ҳолда олиш мумкин», — дейди Лайло Рустамова.