Фарғона шаҳрида салкам 5 йил алимент тўламаган ота 15 суткага қамалди

Фарғона шаҳрида 57 ой учун 40 миллион 654 минг сўм алимент тўламаган ота 15 суткага қамалди. Бу ҳақда Мажбурий ижро бюроси Фарғона шаҳар бўлими «Tez News»га хабар берди.

Фото: Мажбурий ижро бюроси Фарғона шаҳар бўлими

Маълум қилинишича, фуқаролик ишлари бўйича Фарғона туманлараро судининг 2014 йил 13 июндаги қарорига кўра, қарздор А.Қ.дан ундирувчи Р.М. фойдасига икки нафар вояга етмаган фарзандлари таъминоти учун алимент ундириш белгиланган. Фуқаро Р.М. мазкур ижро ҳужжатини 2020 йил 21 сентябрда Мажбурий ижро бюроси Фарғона шаҳар бўлимига топширган ва ижро иши юритуви қўзғатилган. Қарздор А.Қ.нинг 2020 йилнинг 1 октябрь кунига қадар алиментдан бўлган қарздорлиги суд ҳужжати асосида қайта ҳисоб-китоб қилинган. 57 ойлик алимент қарзи 40 миллион 654 минг сўмни ташкил этган. Бу ҳақда унга маълум қилинганида, 2016 йилда суд қарорини олганлигини, лекин алиментни умуман тўламаслигини айтган.

Мазкур ҳолатда қарздорнинг ундирув қаратилиши мумкин бўлган пул маблағлари ва мол-мулклари аниқланмаган. Фуқаро А.Қ. ўз ихтиёри билан алимент тўловларини тўламагани сабабли Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 474-моддасига асосан тўпланган ҳужжатлар судга юборилган. Фарғона шаҳар маъмурий судининг 30 октябрдаги қарори билан қарздорга нисбатан 15 сутка маъмурий қамоқ жазоси тайинланган.

Аввалроқ Бағдоддаги акциядорлик жамиятидан 780 миллион сўм солиқ қарздорлиги ундирилгани ҳақида хабар берилганди. Шунингдек, Мажбурий ижро бюроси Тошкент вилояти Ангрен ва Нурафшон шаҳарларида қарздор оталардан алимент пулини ундириб бергани, Андижонда қарздор ота қарийб 6 миллион сўм тўлагани хабар қилинган эди.

Янгиликлар