Бағдоддаги акциядорлик жамиятидан 780 млн сўм солиқ қарздорлиги ундирилди

Фарғона вилояти Бағдод туманидаги акциядорлик жамиятидан 780 миллион сўм солиқ қарздорлиги ундирилди. Бу ҳақда Мажбурий ижро бюроси вилоят бошқармаси ахборот хизмати хабар қилди.

Фото: МИБ Фарғона вилояти бошқармаси ахборот хизмати

Хабарга кўра, Мажбурий ижро бюроси Бағдод туман бўлимига 7 октябрда Фарғона вилояти давлат солиқ бошқармасининг «Бағдод пахта тозалаш» акциядорлик жамиятидан 780 миллион сўм солиқ қарзини ундириш ҳақидаги қарори келиб тушган.

Шунингдек, мазкур қарор бўйича давлат ижрочиси томонидан 8 октябрда ижро иши қўзғатилиб, бу ҳақда қарздор тарафнинг мансабдор шахсларига маълум қилинган. Ижро ҳужжатида кўрсатилган талабнинг ижросини ўз вақтида таъминламаганлик учун тегишли жавобгарлик ҳамда умумий сумманинг 2 фоизи миқдорида ижро йиғими ундирилиши тушунтирилган.

Қайд этилишича, қарздор тараф 8 октябрда, яъни, шу куннинг ўзидаёқ 780 миллион сўмлик солиқ  тўловларидан бўлган қарздорлигини пул ўтказиш йўли билан тўлаб қарзни тўлиқ бартараф этган. Шунга кўра, қарздор «Бағдод пахта тозалаш» AЖга нисбатан қўзғатилган ижро иши «Суд ҳужжатлари ва бошқа органлар ҳужжатларини ижро этиш тўғрисида»ги Қонунининг 41-моддаси 1-қисмига асосан тамомланган.

Аввалроқ Сурхондарёда ғишт заводи хатловга олиниб 215 миллион сўмдан ортиқ солиқ қарздорлиги ундирилгани ҳақида хабар берилганди. Шунингдек, Андижонда 170 миллиард сўмдан зиёд кредит қарздорлиги тўлангани ва Марҳаматда 700 миллион сўмдан ортиқ солиқ қарздорлиги ундирилгани ҳақида хабар берилган эди. Кейинчалик Қўрғонтепада юк машинаси хатлангандан сўнг 117 миллион сўм кредит қарзи тўлангани ва Самарқандда алимент тўламай келган эркакдан 45 миллион сўмдан ортиқ пул ундирилгани маълум қилинганди.

Янгиликлар