Андижонда қарздор ота қарийб 6 млн сўм алимент тўлади

Андижонда қарздор ота қарийб 6 миллион сўм алимент тўлади. Бу ҳақда Мажбурий ижро бюроси Андижон вилояти бошқармаси ахборот хизмати хабар берди.

Маълум бўлишича, Фуқаролик ишлари бўйича Бўз туманлараро судининг 2014 йил 21 ноябрдаги суд буйруғига асосан қарздор Ш.С.дан ундирувчи М.А. фойдасига бир нафар фарзандининг моддий таъминоти учун ҳар ой топган даромадининг тўртдан бир қисми миқдорида алимент ундириш кўрсатилган. Мажбурий ижро бюроси Улуғнор туман бўлими ходимлари томонидан қарздор Ш.С. алимент тўловларини тўлаши юзасидан мунтазам огоҳлантирилган бўлса-да, бироқ ота ўз фарзандининг моддий таъминотидан бўйин товлаб келган. Натижада қарздор Ш.С.нинг алиментдан 5 миллион 982 минг сўм қарздорлиги вужудга келган.

Бўлим ходимларнинг ижро ҳужжати юзасидан олиб борган ижро ҳаракатлари ҳамда қарздор маъмурий жавобгарликка тортилиши юзасидан огоҳлантиришлари сабаб, қарздор Ш.С. йиғилиб қолган барча алимент қарзини, яъни 5 миллион 982 минг сўмни тўлиқ тўлади. Бу пуллар ундирувчига тилхат асосида топширилди.

Аввалроқ Олтинкўлда ота фарзанди учун салкам 3 минг доллар алимент тўлагани, Қаттақўрғонда қарздор ота салкам 10 миллион сўм алимент тўлагани хабар қилинган эди.

Янгиликлар