Фарғонада тўрт ойда 18 марта йўл қоидасини бузган ҳайдовчидан салкам 11 млн сўм жарима ундирилди
Фарғона шаҳрида 4 ойда 18 марта йўл ҳаракати қоидасини бузган ҳайдовчидан 21 окябрь куни 10 миллион 700 минг сўм жарима ундирилди. Бу ҳақда Мажбурий ижро бюроси вилоят бошқармаси ахборот хизмати «Tez News»га хабар берди.
Таъкидланишича, йўл ҳаракати қоидасини бузиш Фарғона шаҳар Низомий кўчасида яшовчи 1988 йилда туғилган М.Г.дан ўзига тегишли бўлган «Nexia 3» автомашинасида дастлаб 2020 йил 1 мартда Ёзёвон туманида қайд этилган. Шундан сўнг 2020 йил 18 июнь кунига қадар жами 18 маротаба қоидабузарлик содир этган. Охирги маротаба 2020 йил 18 июлда Оҳангарон туманида ҳуқуқбузарлик содир этган.
Қоидабузарнинг манзилига жарима солиш тўғрисидаги 18 та қарор юборилган. Г.М. уларнинг бирортаси бўйича жарималарни ихтиёрий равишда тўлаш чорасини кўрмаган. Барча қарорлар мажбурий ижро учун Бюронинг Фарғона шаҳар бўлимига тақдим қилинган.
Қайд этилишича, қарздор Г.М.га жами 18 та маъмурий жарима жазосини қўллаш тўғрисидаги қарор асосида тайинланган умумий 10 миллион 700 минг сўм жаримани ундириш бўйича ижро ҳаракатлари амалга оширилган. Унга жаримани тўлаш учун 15 кунлик ихтиёрий муддат берилган.
Бир неча огоҳлантиришларга қарамасдан, жарималарнинг бирортасини тўламаган, шу сабабли йўл-патруль хизмати ходимлари билан 21 октябрда ўтказилган тезкор тадбир жараёнида Г.М. бошқарувидаги «Nexia 3» автомашинада ҳаракатланиб кетаётган вақтда тўхтатилиб, жарима майдончасига олиб кирилган. Шундан сўнг қарздор 10 миллион 700 минг сўм жаримани тўлиқ тўлаб берган.
Аввалроқ Бешариқда пахта тозалаш заводидан тадбиркор фойдасига 40 миллион сўм ундирилгани ҳақида хабар берилганди.