Ғофур Мирзаев Сирдарё «иккинчи Америка» бўлишини яна бир марта таъкидлади — видео
Халқаро пресс-клубнинг 14 октябрь, чоршанба куни «Халқ розилиги ва бирга катта кучмиз» мавзусига бағишланган навбатдаги сессияси бўлиб ўтди. Бу ҳақда «Tez News» мухбири Шоҳруҳ Ҳайдаров хабар берди.
Маълум қилинишича, сессияда иштирок этган Сирдарё вилоят ҳокими Ғофур Мирзаев Тошкентнинг келажаги Сирдарёда эканини таъкидлаган.
«Тошкентликлар хафа бўлишмасин, аммо Тошкентнинг келажаги Сирдарё деганман. Сабаби энг қулай йўлга жойлашганмиз. Тошкент шаҳар кенгаяди ва турли завод-фабрикаларни четроқ ҳудудга кўчириш керак бўлади. Қаерга келади? Ўйлайманки, узоқроқ ҳудудга — Сирдарёга келади», — дейди Сирдарё вилояти ҳокими.
Шунингдек, ҳоким вилоятни «иккинчи Америка» деб атаган.
«Менга аввал ҳам айтишган: Сирдарёга аҳоли турли ҳудудлардан келган ва қайсидир маънода ‘терма жамоа’ шаклланган, дейиш мумкин. Мана шундай вилоятни бошқариш қийин эмасми, деб савол беришганда айтгандим, яна қайтараман, вилоятимиз аҳолиси турли жойлардан келиб шаклланганини ҳисобга олсак, демак, биз ‘иккинчи Америкаʼ бўлар эканмиз», — деди Мирзаев.
Ғофур Мирзаев 2019 йил 22 август куни I Халқаро инвестиция форуми доирасида журналистлар билан мулоқотда Сирдарёни Америкага қиёслаган эди. Кейинчалик ҳокимнинг мазкур фикрлари интернетни «портлатган» ва турли хил баҳс-мунозараларга сабаб бўлган. Шундан сўнг Мирзаев гапларига изоҳ бериб, барча ишларни яхши сўз билан амалга ошириш лозимлигини таъкидлаган. Бундан ташқари, мана шундай мунозаралар бўлгани яхшилиги, аммо ҳар бир инсоннинг фуқаролик позицияси бўлиши кераклиги, шунингдек, ўзбек халқи яхши муомалани хоҳлашини ҳам айтиб ўтган.