Ҳеч қачон тугамайдиган жанг. Ирқий ва диний таъқибга қарши бир асрлик кураш натижа бердими?

Дунёда шундай муаммолар борки, унга қарши қанча курашилмасин, бу кураш тугамайди. Шулардан бири диний ва ирқий камситишдир. Бирлашган Миллатлар Ташкилоти (БМТ) ташкил топганидан бери ушбу муаммога эътибор қаратиб келмоқда. Шуни эслаб ўтишимиз керакки, бу тузилманинг асосий миссияларидан бири диний, этник ва ирқий тенгликни таъминлашдир, зеро, у дунё фашизм жиноятларидан оғир аҳволга келиб қолганига жавобан тузилган.

БМТ Бош ассамблеяси 1946 йили ўтказилган биринчи сессиясида турли муаммолар ва жиҳатларга эътибор қаратиб, бир нечта резолюция қабул қилди. 19 ноябрь куни Бош ассамблея диний ва ирқий камситишга қарши кураш ва унга чек қўйиш инсониятнинг биринчи галдаги вазифаси эканини белгилади. Ушбу йўлда ҳукуматлар ва масъуллар зудлик билан чора кўришини талаб қилди.

Резолюция қабул қилинди. Кейин-чи?

Биринчи жаҳон урушидан сўнг инсоният ўзи яратган муаммога қарши курашиши керак бўлди. Диний ва ирқий камситишга қарши резолюция қабул қилинди, масъулларнинг чора-тадбирлар кўриши белгиланди. Хўш, кейин-чи?

Африка давлатлари мустақилликка эришгандан сўнг, 1960 йил 21 мартда Жанубий Африкадаги Чарпевиль қирғинидан кейин, ирқий камситиш яна бир бор БМТнинг кун тартибидаги асосий масалалардан бирига айланди. БМТ диний ва ирқий камситишга қарши кураш олиб бораётган бўлса-да, ҳали-ҳануз дунёнинг турли нуқталарида низолар келиб чиқади.

Мьянма (Бирма). Ўнлаб йиллар давомида расмий куч тузилмалари кетма-кет турли хил этник гуруҳлар, шу жумладан, Karen каби насроний гуруҳлар учун автономия олишни истаган қўзғалончиларга қарши шафқатсиз кампаниялар ўтказди. Яқинда ҳарбийлар мусулмон роҳинжаларга қарши қирғин кампаниясини ўтказди ва аҳолининг кўп қисмини, миллиондан ортиқ одамни уйларидан ҳайдаб чиқарди.

«2019 йилда Бирма ҳукумати диний эркинликка, хусусан, роҳинжа мусулмонларига қарши кенг ва шафқатсиз қаршиликни давом эттирмоқда. Этник зиддият ва бошқа фуқаролик ҳуқуқларининг таназзулга учраши кўпинча диний тафовутларга тўғри келади ва шу билан дин ва эътиқод эркинлигини кескин чеклайди», — дейилади Халқаро диний эркинлик бўйича АҚШ комиссияси баёнотида.

Ҳиндистон. Ушбу давлатда ҳам турли этник озчиликлар ва диний гуруҳларга (асосан, мусулмон ва насронийларга) қарши зўравонликлар учраб туради. Амалдаги бош вазир Нарендра Моди даврида ушбу ҳаракатлар янада жадаллашиб, одатий ҳолга айланиб қолди.

Нигерия. Африканинг энг бой, энг кўп аҳоли ва нефть захирасига эга мамлакатида, асосан, икки дин вакиллари истиқомат қилади. Бироқ зўравонлик фақат бир томонга йўналтирилган. Ушбу давлатдаги энг катта муаммо — «Боко Ҳарам» радикал ислом гуруҳи. Улар шу пайтгача ҳарбий постлар, колонналар, уйлар, хўжалик ерлари ва масжидларни нишонга олган. Шунингдек, улар кўплаб гаровга олинган ва ўғирланган фуқаролар, шу жумладан, гуманитар ёрдам ходимларини ўлдирган.

АҚШ. Узоққа бориш шарт эмас, яқиндагина бўлиб ўтган воқеани эслаймиз: қора танли Жорж Флойд исмли америкалик полиция томонидан ерга тиззаси билан босиб турилиб, ўлдирилди. Бунинг ортидан жуда катта резонанс келиб чиқиб, катта протестга айланиб кетгани кўпчиликнинг эсида бўлса керак. Ушбу ҳаракатларнинг асл келиб чиқиши Жорж Флойдга бўлган ҳужум эмас, балки қора танли одамларнинг доим шундай камситилиши, яъни «пичоқ бориб, суякка қадалгани»дир.

Бунга мисол қилиб баъзи фактларни келтириш мумкин: Нью-Йорк полицияси 2018 йилда тўхтатган инсонларнинг 80 фоизи қора танли ёки Лотин Америкаси миллатларига мансуб бўлган. Энг қизиғи, тўхтатилган инсонларнинг 70 фоизи айбсиз эди.

Ўзбекистонда вазият қандай?

Ўзбекистон конституциясиси фуқароларнинг дин ва эътиқод эркинлигини таъминлайди. Шунингдек, конституциянинг 4-моддасида «Ўзбекистон Республикаси ўз ҳудудида истиқомат қилувчи барча миллат ва элатларнинг тиллари, урф-одатлари ва анъаналари ҳурмат қилинишини таъминлайди, уларнинг ривожланиши учун шароит яратади», деб ёзиб қўйилган.

Умуман олганда, Ўзбекистон сўнги йилларда диний эркинлик бўйича халқаро ҳамжамият фикрини ўзгартира олди. Хусусан, АҚШ Давлат департаменти Ўзбекистонни диний эркинликка оид «қора рўйхат» дан чиқарди, давлатдан эркин бўлган Халқаро диний эркинлик бўйича АҚШ комиссияси (USCIRF) мамлакат эришган ютуқларни расман эътироф этди.

«2019 йилда баъзи ҳукуматлар, айниқса USCIRF билан яқиндан ҳамкорлик ўрнатган иккита давлат томонидан кўрилган ижобий чоралар бизга юқори кўтаринкилик бағишлади», — дейди комиссия раҳбари Ўзбекистон ва Суданни кўзда тутган ҳолда.

Шуни алоҳида таъкидлаш керакки, Ўзбекистоннинг ушбу комиссия билан алоқалари анча яхшиланган. Буни сўнгги йилларда тез-тез ўтказилаётган маслатҳатлашувлар ва расмий ташрифларда билиш мумкин. USCIRF 2019 йилда амалга оширган 11 та расмий ташрифдан иккитаси Ўзбекистонга бўлди.

Онлайн муҳокамаларда сўзга чиққан АҚШнинг халқаро диний эркинлик соҳасидаги махсус топшириқлар бўйича элчиси Самюэль Браунбек Ўзбекистоннинг диний эркинликни таъминлаш соҳасидаги муваффақиятли қадамларидан хурсанд эканини таъкидлади.

2020 йилнинг август ойида «Виждон эркинлиги ва диний ташкилотлар тўғрисида»ги қонун янгиланиши кўзда тутилган қонун лойиҳаси муҳокамага қўйилди. Янги талқинга кўра, амалдаги қонуннинг 14-моддасидаги фуқароларнинг (диний ташкилотлар хизматчиларидан ташқари) жамоат жойларида ибодат либосларида юришларига йўл қўйилмаслиги ҳақидаги банд чиқариб ташланиши кутилмоқда. Аввалроқ АҚШ расмийлари Олий Мажлис депутатлари томонидан янги таҳрирдаги «Виждон эркинлиги ва диний ташкилотлар тўғрисида»ги қонуннинг кўриб чиқилиши бошланганлигини олқишлаганди.

Янгиликлар