Тошкент аэропортида йил бошидан 500 дан ортиқ хавфли буюмлар мусодара қилинди
Тошкент аэропортида жорий йил бошидан 500 дан зиёд тақиқланган буюмлар мусодара қилинди. Бу ҳақда «Uzbekistan Airports» ахборот хизмати хабар берди.
Жумладан, 2025-йил 1-январдан 30-августгача бўлган даврда, аэровокзал мажмуаси назоратчилар бўлинмаси томонидан 535 та тақиқланган буюм аниқланган.
Улар орасида:
• совуқ қуроллар (пичоқлар, ханжарлар, кастетлар);
• ҳарбий қурол-яроқ ва уларга ўхшатмалари;
• пиротехника воситалари (пақилдоқлар, бенгал чироқлари);
• газ ва қалампирли баллонлар;
• дубулғалар ва электрошокерлар;
• кимёвий моддалар ва кўп мақсадли қурилмалар (ўйинчоқли тўппончалар, брелокли ўқлар, шунингдек, дронлар).
Мазкур буюмларнинг аксарияти йўловчилар ва экипаж хавфсизлиги учун потенсиал таҳдид ҳисобланади. Ҳатто сувенирли ўқлар ва ўйинчоқли қуроллар ҳам шубҳа уйғотиши ва рейс кечикишига ёки самолёт бортида ҳодиса юз беришига сабаб бўлиши мумкин, — дея таъкидланди.
Аниқланган кўплаб хавфли совуқ қуроллар сабабли, йўловчиларга тақиқланган буюмлар рўйхати билан олдиндан танишиб чиқиш тавсия этилди.