Бухорода юк автомобили каналга тушиб кетди
3 март куни соат 16:05 ларда Бухоро вилоятида юк машинаси «Аму-Бухоро» каналига тушиб кетган. Бу ҳақда ИИВ ЙҲХББ ахборот хизмати хабар берди.
Хабарга кўра, Олот тумани ҳудудидан ўтувчи халқаро аҳамиятга эга бўлган М-37 Самарқанд-Бухоро-Туркманбоши автомобиль йўлининг 331-километрида Олот-Бухоро йўналишида ҳайдовчи Н.Р. «Маз-5422» русумли юк автомобилини бошқараётиб қўшимча ғилдиракиниг маҳкамланган жойидан чиқиб кетиши ва ҳаракат давомида ён ғилдиракларга урилиши оқибатида ҳайдовчи бошқарувни йўқотган ва йўлдан чиқиб кетиб «Аму-Бухоро» каналига тушиб кетган.
Қайд этилишича, ҳодиса натижасида тан жароҳати олганлар йўқ.
Мазкур ҳолат юзасидан Олот тумани ИИБ ЙҲХБ томонидан суриштирув ишлари олиб борилмоқда.