Лола Каримова Голливуддаги учта вилласини сотувга қўйди. Улар 6 млн доллардан 6,5 млн долларгача баҳоланмоқда (фото)
Ўзбекистоннинг биринчи президенти Ислом Каримовнинг кичик қизи Лола Каримова (Тиллаева) ва унинг эри Тимур Тиллаев олти йил олдин Голливуддаги учта вилланинг сотувга қўйилганини эълон қилганди. Ҳозирда уйларнинг нархи 6—6,5 миллион долларгача ўзгаради, деб хабар берди «Dirt.com».
Таъкидланишича, виллалар Лос-Aнжелесдаги Голливуд тепалигида жойлашган. 2014 йилнинг ёзида уларнинг умумий қиймати деярли 16,1 миллион долларни ташкил этган. Сотув ҳақида хабар берган сайтнинг маълумотларига кўра, эр-хотин сотиб олган уйларида ҳеч қачон ўзлари яшамаган, фақат ижарага берган.
Энг юқори баҳоланган уч қаватли вилла аввал NFL собиқ юлдузи Режи Буш ва унинг қиз дўсти Ким Кардашьянга тегишли бўлган. Улар бу уйни 2007—2014 йилларда олган эди. Уйда лифт, кинотеатр, бассейн ва курорт мавжуд. Бунга қўшимча равишда, уйдан яқин атрофдаги тепаликлар ва Лос-Aнжелеснинг манзаралари кўринганлиги сабабли қиммат — 6,5 миллион долларга баҳоланмоқда, дейилади хабарда.
Лола Каримованинг Марокаш услубидаги иккинчи вилласи бироз арзонроқ. Уйда 1200 шиша шароби бор ертўла, ёпиқ ҳовли ва юнонча услубдаги ҳаммом мавжуд. У 6,4 миллион долларга сотувга қўйилган.
Бундан ташқари, орқа ҳовуз, барбекю майдони ва каминга эга бўлган уйларнинг яна бири 6 миллион доллар этиб белгиланган.