Навоийда олтин конидан 230 млн сўм қийматдаги тошларни қазиб олаётган шахслар ушланди

Навоий вилояти Учқудуқ тумани Миллий гвардия ва Ички ишлар бошқармаси ходимлари 8 август куни «Aлтинтоу» маҳалласидаги эски олтин конидан олтин зарралари бўлган тошларни қазиб олаётган қоидабузарларни қўлга олди. Бу ҳақда Миллий гвардия матбуот хизмати хабар берди.

Фото: Миллий гвардия матбуот хизмати

Маълум қилинишича, маҳаллада жойлашган «Aйгул-партия» эски олтин конидан таркибида олтин зарралари бўлган тошларни ноқонуний йўл билан қазиб олаётган Хатирчи туманида яшовчи фуқаролар Т.Ж. ва Ш.М.лар қўлга олинган.

Фуқаро Т.Ж. ўзининг бошқарувидаги давлат рақами 85 J 126 BA бўлган «Форд» русумли автомашинасида 17 та қопга жойланган 1264 килограмм оғирликдаги таркибида олтин зарралари бўлган майда тошларни, фуқаро Ш.М. эса ўзининг бошқарувидаги давлат рақами 85 S 684 SA бўлган «Форд» русумли автомашинасида 33 та қопга жойланган 1654 килограмм оғирликдаги тошларни олиб чиқиб кетаётганида тўхтатиб қолиниб, холислар иштирокида баённома расмийлаштирилган.

Таркибида олтин зарралари бўлган ушбу тошлар мутахассислар томонидан (1 грамм олтин 604 863,5 сўм этиб белгиланган) текшириб кўрилганда фуқаро Т.Ж. томонидан ўзлаштирилган 1264 килограмм оғирликдаги тошлардан 148 грамм (89 000 000 сўм) миқдордаги олтин моддаси борлиги, фуқаро Ш.М. дан олинган 1654 кг оғирликдаги тошлардан эса 234 грамм (141 000 000 сўм) миқдордаги олтин моддаси борлиги аниқланган.

Мазкур ҳолат юзасидан ҳозирги кунда Навоий вилояти Учқудуқ тумани Ички ишлар бошқармаси ходимлари томонидан суриштирув ишлари олиб борилмоқда.

Aввалроқ Қувада ҳамкорликда ишлашни таклиф қилиб, танишидан 25 минг долларни ўзлаштирган аёлга жиноят иши қўзғатилгани, Aндижонда МИБ ходими ва фуқаро қарийб 73 миллион сўмни талон-торож қилгани маълум қилингани ҳақда хабар берилганди.

Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистоннинг расмий захиралари ҳажми 2020 йил 1 июль ҳолатига кўра, 32,3 миллиард долларни ташкил этган. Маълум қилинишича, Ўзбекистоннинг захиралари ҳали ҳам заиф диверсификацияланган — деярли барчаси монетар олтин (19,4 миллиард доллар) ва хорижий валютада (12,4 миллиард доллар) сақланмоқда.

Янгиликлар