Тошкентда ўқувчи ва талабалар орасида коронавирус аниқланаётгани маълум қилинди
Тошкентда ўқувчи, талабалар ва ташкилот ходимларида орасида вирус чиқаётгани сабабли, назорат тадбирлари қайта жорий этилди. Бу ҳақда Санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги маркази Тошкент шаҳар бошқармаси бошлиғи Малика Қудратхўжаева маълум қилди.
«Текширувлар натижаси шуни кўрсатдики, аҳоли орасида коронавирусга чалиниш ҳолатлари кўпайган. Айниқса, мактаб ўқувчилари орасида, талабалар орасида, ташкилот-муассасалар ходимлари орасида кўпайгани кузатилди. Бу эса аҳоли томонидан, ташкилот ва муассасалар томонидан карантин чораларига амал қилинмаётганини кўрсатади. Яъни ўлчов воситаларидан фойдаланмаслик, касал бўлишига қарамасдан иш ва ўқишга бориб, бошқаларни хавфга қўйиш ҳолатлари кузатилмоқда», — дейди Малика Қудратхўжаева.
Таъкидланишича, аҳоли ўртасида касаллик тарқалиши олдини олиш мақсадида қатор ташкилотлар билан биргаликда тадбирлар ўтказилиши бошлаган.
«Шу кунларда Миллий гвардия, Ички ишлар бошқармаси, Санитария-эпидемиология хизмати ходимларидан иборат гуруҳлар тузилиб, бозорларда, умумий овқатланиш муассасаларида, ташкилот ва муассасаларда карантин талабларига риоя қилиниши юзасидан назорат олиб бориши яна йўлга қўйилди», — деди бошқарма бошлиғи Малика Қудратхўжаева.