Ўзбекистон Миллий гвардияси Ҳарбий-техник институти курсантлари қасамёд қабул қилди (фото)
Ўзбекистон Миллий гвардияси Ҳарбий-техник институтида 1-босқич курсантлари қасамёдига бағишланган маросим бўлиб ўтди. Бу ҳақда Миллий гвардия ахборот хизмати «Tez News»га хабар берди.
Маълум қилинишича, маросимга Миллий гвардия қўмондони, Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатлари, таниқли давлат ва жамоат арбоблари ташриф буюрган. Тадбирда Институт шахсий таркиби хизмат кийимида саф туриб, сўнг майдонга Ўзбекистон байроғи ҳамда Миллий гвардия байроғи олиб кирилган. Тадбирда институт бошлиғи Рустамбаев Мирзаюсуп Хакимович сўзга чиққан.
Шундан кейин 1-босқич курсантлари Миллий гвардия хизматига кириш қасамёдини қабул қилган. Тадбирда Миллий гвардия қўмондони Жўраев Рустам Мирзаевич сўзга чиқиб, 1-босқич курсантларини қасамёд қабул қилганликлари билан қутлаган. Сўнг ҳарбий оркестр ижросида мадҳия ижро этилиб, фахрийлар, 1-босқич курсантлари ва уларнинг ота-оналари сўзга чиққан.
Хабарга кўра, институт курсантларидан иборат бўлган қурол гуруҳ томонидан «Қўл жанги», «Махсус машқлар» ва жанг санъатининг бошқа турлари бўйича чиқишлар намойиш этилган. Миллий гвардиянинг ҳарбий оркестри чиқиш қилган. Ҳарбий-техник институтига ўқишга қабул қилинган 1-босқич курсантларининг қасамёдидан сўнг институт бадиий ҳаваскорлик ансамбли иштирокида концерти намойиш этилган.
Аввалроқ Мудофаа вазирлиги олий ҳарбий таълим муассасалари курсантлари қасамёд қабул қилганди. Шунингдек, Самарқандда профилактика инспекторлиги учун бўлиб ўтган танловда 43 нафар номзод ишга қабул қилингани маълум қилинганди.