Ўзбекистонда 150 дан ортиқ кичик экобозор қуриб битказилди
Ўзбекистонда шу пайтга қадар 160 та кичик экобозор қуриб битказилгани маълум бўлди. Бу ҳақда 28 ноябрь, шанба куни Бош прокурор Ниғматилла Йўлдошев раҳбарлигида озиқ-овқат маҳсулотлари нархининг барқарорлигини таъминлаш борасида амалга оширилаётган ишлар юзасидан ўтказилган видеоселектор йиғилишида маълумот берилди.
Қайд этилишича, давлат раҳбари томонидан 2020 йил 16 октябрь куни мамлакатда озиқ-овқат хавфсизлигини, шунингдек қиш−баҳор мавсумида нархларнинг барқарор сақланишини таъминлаш, озиқ-овқат маҳсулотлари захирасини жамғариш ва «даладан-дастурхонга тамойилини» тўлиқ жорий этиш, нарх-навонинг асоссиз ошишини олдини олиш масалалари бўйича кечиктириб бўлмас чораларни кўриш юзасидан топшириқ берилган.
Хусусан, жойларда ишлаб чиқарувчилар, фермер ва деҳқонлар учун кичик экобозорларни ташкил этиш топшириғига биноан маҳаллий ҳокимликлар билан ҳамкорликда ҳудудларда 274 та кичик экобозорларнинг қурилиши бошланган, 160 таси эса тўлиқ қуриб битказилган.
Таъкидланишича, ҳар бир бозорга масъул ходимлар бириктирилган ҳолда кунлик мониторинг ўтказилиб, нарх-навонинг ошиши эҳтимоли мавжуд бўлган маҳсулотларни ишлаб чиқарувчи нархида интервенция қилиш чоралари кўрилмоқда.
Бош прокурор Ниғматилла Йўлдошевнинг сўзларига кўра, ресбупликадаги деҳқон бозорларида 473 та арзонлаштирилган махсус расталар ташкил этилиб, ишлаб чиқарувчининг ўз нархида маҳсулот сотиши таъминланган. Зарур бўлган ҳолларда эса бевосита юк машинасидан савдо қилиш учун шароит яратиб берилган.
Маълумотларга кўра, 2020 йил 15 мартдан шу кунга қадар 72,4 минг тонна картошка, 74,1 минг тонна пиёз, 22,6 минг тонна сабзи, 4,8 минг тонна карам, 5,8 минг тонна товуқ гўшти, 13,8 минг тонна гўшт, 63,1 млн дона тухум, 8,6 минг тонна гуруч ва 8,4 минг тонна шакар ишлаб чиқарувчилар нархида бир ҳудуддан иккинчисига интервенция қилинган.
Мавзуга доир: Ўзбекистонда келгуси ойларда товар ва хизматлар нархи қандай ўзгариши мумкинлиги маълум қилинди
Аввалроқ Ўзбекистон деҳқон бозорларидаги озиқ-овқат маҳсулотларининг 29 октябрь куни ҳолатидаги нархлари эълон қилинганди.