Ўзбекистонда келгуси ойларда товар ва хизматлар нархи қандай ўзгариши мумкинлиги маълум қилинди
Марказий банк 16 ноябрь, душанба куни «Ҳудудларда асосий товар ва хизматлар инфляцияси» тўғрисидаги шарҳни эълон қилди. Бу ҳақда банк матбуот хизмати хабар берди.
Унда қайд этилишича, 2020 йил октябрь ойида истеъмол нархлари юқори инфляцион босим шароитида шаклланиб, ўтган ойга нисбатан 1,4 фоизга ошган. Нархлар ошишига, асосан, озиқ-овқат маҳсулотлари нархларининг сентябрь ойига нисбатан 2,3 фоизга қимматлашиши сабаб бўлган.
Январь—октябрь ойларида республика бўйича инфляция даражаси 7,8 фоизни ташкил этган. Бунда, озиқ-овқат маҳсулотлари нархлари ўсиши (10 фоиз) умумий инфляция даражасидан юқори, ноозиқ-овқат товарлари (6,9 фоиз) ва хизматлар нархлари ўзгариши (5,2 фоиз) эса паст даражада шаклланган.
2020 йилнинг ўтган 10 ойида озиқ-овқат маҳсулотлари нархлари юқори ошишига карантин шароитида бирламчи истеъмол товарларига бўлган талабнинг сезиларли даражада ошиши ҳамда сентябрь—октябрь ойларида айрим товарлар нархларига таклиф омиллари таъсири билан изоҳланган. Бунда, октябрь ойи давомида тухум (17,7 фоизга), ўсимлик ёғи (11,2 фоизга), пахта ёғи (13,6 фоизга), шакар (9,8 фоизга) ҳамда сабзавот маҳсулотлари нархларида мавсумий (5,8 фоизга) юқори ўсиш кузатилган.
Гўшт маҳсулотлари
2020 йилнинг дастлабки 10 ойида гўшт маҳсулотлари нархи республика бўйича ўртача 15 фоизга, шундан, мол гўшти 18,2 фоизга ва қўй гўшти 22,1 фоизга қимматлашган. Гўшт маҳсулотлари нархларини барқарорлаштиришда асосий эътибор гўшт таклифини ошириш, хусусан, йирик чорвачилик фермаларини ташкил этиш, чорва озуқасини арзонлаштириш ҳамда гўшт маҳсулотлари импортида рақобат шароитларини яхшилаш ва харажатларни камайтиришга қаратилиши лозим.
Шакар
Шакар нархи йил бошига нисбатан республика бўйича ўртача 15,7 фоизга ошган ва нархлар ўсишининг асосий қисми сентябрь—октябрь ойларига тўғри келган. Жаҳон бозорида шакар нархининг пасайиши ҳамда шакар экспорт қилувчи асосий давлатларда ишлаб чиқариш ҳажмининг ошиши фонида Ўзбекистонга ушбу маҳсулотни импорт қилиш шароитларининг яхшиланиши келгусида шакар нархининг барқарорлигини таъминлашга хизмат қилиши мумкин.
Буғдой уни
2020 йилнинг январь—октябрь ойларида буғдой уни республика бўйича ўртача 12,9 фоизга қимматлашган. Таҳлиллар Ўзбекистонда ва асосий савдо ҳамкор давлатлар — Россия ҳамда Қозоғистонда 2020 йилги буғдой ҳосилининг кутилгандан кўпроқ бўлганлигини, келгусида ушбу маҳсулот нархининг юқори ошишига сабаб бўладиган омилларнинг йўқлигини кўрсатмоқда.
Гуруч
2020 йилнинг дастлабки 10 ойида гуруч нархи республика бўйича ўртача 13,2 фоизга ўсган. Тадбиркорлар ҳамда гуруч етиштирувчи деҳқонлар билан олиб борилган ўрганишларда, 2020 йилги мавсумда сув танқислиги кузатилганлиги сабабли гуруч ҳосили кутилган ҳажмидан сезиларли даражада кам бўлганлиги қайд этилган. Бу, ўз навбатида, келгусида ушбу маҳсулот нархига маълум даражада қўшимча босимни юзага келтириши мумкин.
Ёғ-мой маҳсулотлари
2020 йилнинг январь—октябрь ойлари давомида ёғ-мой маҳсулотлари нархлари республика бўйича ўртача 20,2 фоизга, хусусан, ўсимлик ёғи 23,9 фоизга, пахта ёғи 24,2 фоизга қимматлашган. Ёғ-мой маҳсулотлари импортида рақобат шароитларининг яхшиланиши ва етказиб берувчилар таркибининг диверсификация қилиниши келгусида нархларни пасайтирувчи омиллардан бўлиб хизмат қилиши мумкин.
Мева ва сабзавотлар
Кузатилаётган давр мобайнида мева ва сабзавотлар нархлари умумий инфляцияга пасайтирувчи омил сифатида хизмат қилиб, йил бошига нисбатан 3,3 фоизга пасайган. Мева ва сабзавотлар нархи юқори мавсумийлик характерига эга бўлиб, аввалги йиллардаги трендига асосан келгуси ойларда ушбу маҳсулотлар нархларининг мавсумий қимматлашишини кутиш мумкин.
Картошка
2020 йилнинг январь—октябрь ойларида, аҳоли томонидан картошка маҳсулотига юқори талаб сақланиб қолганлиги сабабли истеъмол товарлари орасида энг юқори ўсишни (35,5 фоиз) қайд этган.
Тухум
2020 йилнинг январь—октябрь ойларида тухум нархида сезиларли ўсиш кузатилиб, нарх ўзгаришлари, асосан, сентябрь—октябрь ойларига тўғри келган. Тухум нархи барқарорлигини таъминлаш масаласи паррандачилик озуқа базасини арзонлаштириш йўналишида тизимли ишларни амалга оширишни талаб этади.
Ноозиқ-овқат товарлари
2020 йил январь—октябрь ойларида, ноозиқ-овқат товарлари нархлари республика бўйича 6,9 фоизга ошиб (ўтган йилнинг мос даврида 9,5 фоиз), умумий инфляция даражасидан паст бўлган. Ушбу даврда ноозиқ-овқат товарлари нархлари қимматлашишига таъсир кўрсатган асосий омиллар дори-дармон, қурилиш моллари, цемент, автомобиль учун ёнилғи, ювиш ва тозалаш воситалари, кийим-кечак ҳамда маиший техника воситалари нархларининг қимматлашиши бўлган.
Дори-дармонлар
2020 йилнинг дастлабки 10 ойида дори-дармон воситалари нархларида юқори ўсиш тенденцияси кузатилган. Куз-қиш мавсумида дори-дармон маҳсулотларига бўлган талабнинг юқори даражада сақланиб қолиши шароитида, келгусида ушбу маҳсулотлар нархларининг ошиши кузатилиши мумкин.
Қурилиш моллари
2020 йилнинг январь—октябрь ойларида ноозиқ-овқат товарлари таркибида қурилиш моллари нархи ҳам юқори ўсишни қайд этган ва республика бўйича йил бошига нисбатан 11 фоизга қимматлашган. Қурилиш материаллари нархидаги ўзгаришлар, асосан, август ойига тўғри келиб, карантин чекловларининг юмшатилиши натижасида қурилиш соҳасидаги ишларнинг кенгайиши талабнинг сезиларли ошишига сабаб бўлган. Бироқ қиш мавсумининг яқинлашиши билан қурилиш ишларининг секинлашиши қурилиш маҳсулотлари нархларда ўсиш суръатларининг пасайишига олиб келиши мумкин.
Aвтомобиллар учун ёнилғи
2020 йилда автомобиллар учун ёнилғи маҳсулотлари нархлари жаҳон бозорида нефть нархининг пасайиши ва ушбу соҳага хорижий операторларнинг кириб келиши натижасида рақобат муҳитининг яхшиланиши фонида шаклланган. Куз-қиш мавсуми учун аҳолига суюлтирилган газ етказиб бериш жараёнининг бошланиши ушбу маҳсулот нархига қўшимча босимни юзага келтирмоқда. Талабнинг юқорилиги сабабли ушбу маҳсулот нархидаги ўсувчи тенденция келгуси ойларда ҳам сақланиб қолиши мумкин.
Маиший техника
2020 йилнинг январь—октябрь ойларида маиший техника воситалари нархи республика бўйича ўртача 4,1 фоизга ошган. Ҳудудлар кесимида Жиззах вилоятида маиший техника воситалари республиканинг бошқа вилоятларига нисбатан юқорироқ даражада қимматлашди ва 9,8 фоизни ташкил этган. Самарқанд ҳамда Фарғона вилоятларида эса ушбу товарлар нархлари нисбатан пастроқ даражада қимматлашиб, 2 фоизни ташкил этган.
Хизматлар
2020 йилнинг январь—октябрь ойлари мобайнида хизматлар нархлари республика бўйича 5,2 фоизга қимматлашиб (ўтган йилнинг мос даврида 14,2 фоиз), умумий инфляция даражасига нисбатан пастроқ бўлган. Бунда, хизматлар соҳасида нархлар ошишига таъсир кўрсатган асосий омиллари сифатида тиббий хизматлар, хусусан, лаборатория хизматлари, йўловчи транспорти, йўналишли такси ҳамда маиший хизматлар нархларининг қимматлашишини келтириш мумкин.
Тиббий хизматлар
Пандемия шароитида тиббий хизматларга, айниқса, тиббий лаборатория хизматларига бўлган талаб кескин ортган. Пандемия билан боғлиқ ноаниқликларнинг сақланиб қолиши ҳамда қиш мавсумида тиббий хизматларга бўлган талабнинг мавсумий ортиши натижасида келгусида ушбу хизматлар нархларининг янада қимматлашишига сабаб бўлиши мумкин.
Йўловчи транспорт хизматлари
Кузатилаётган давр мобайнида йўловчи транспорти хизматлари нархлари республика бўйича ўртача 9,9 фоизга қимматлашган. Мазкур ҳолат карантин чораларининг қўлланилиши сабабли жамоат транспорти ҳаракатининг чекланиши оқибатида такси хизматларига бўлган талабнинг ошганлиги билан изоҳланиши мумкин. Келгуси ойларда ёқилғи нархларининг мавсумий қимматлашиши ҳамда қиш ойларида аҳоли томонидан такси хизматларига бўлган талабнинг ошиши ҳисобига, ушбу хизматлар нархларида ўсиш кузатилиши мумкин.
Мавзуга доир:
Aввалроқ Ўзбекистон деҳқон бозорларида 29 сентябрь ҳамда 28 октябрь куни ҳолатига кўра озиқ-овқат нархлари маълум қилинган эди.