Ўзбекистонда «Келажак мероси» халқаро мукофоти таъсис этилди
Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев «Келажак мероси» халқаро мукофотини таъсис этиш тўғрисидаги қарорни имзолади.

Ушбу мукофот ер юзидаги барча халқлар, жумладан, Ўзбекистон халқининг эзгу орзулари билан боғлаб, адабиёт, маданият, санъат, илм-фан, таълим ва рақамли технологиялар соҳаларида юксак натижаларга эришаётган ҳамда миллий ва умумбашарий қадриятлар ривожига, глобал маданий тараққиётга муносиб ҳисса қўшиб келаётган маҳаллий ҳамда хорижий ижодкор ва зиёлиларни рағбатлантириш ва қўллаб-қувватлаш мақсадида таъсис этилгани билдирилган.
Қарорга кўра, халқаро мукофот учун танловлар қуйидаги йўналишларда ўтказиб борилади:
• а) адабиёт;
• б) маданий мерос;
• в) театр ва кино;
• г) мусиқа ва рақс;
• д) тасвирий ва амалий санъат;
• ж) мода ва дизайн;
• з) илм-фан, таълим ва рақамли технологиялар.
Халқаро мукофотнинг ҳар бир йўналиши бўйича ғолиблар статуэтка, диплом ва 10 минг АҚШ доллари миқдоридаги бир марталик пул мукофоти билан тақдирланади.
Халқаро мукофот танловини ташкил этиш ва уни ўтказиш бўйича харажатлар 2025 йилда Вазирлар Маҳкамасининг захира жамғармаси ҳисобидан молиялаштирилади, 2026 йилдан бошлаб эса Давлат бюджети параметрларида назарда тутилади.




