Ўзбекистонда 31 июлдан 2 августга қадар бутун сутка давомида ҳаракатланиш тўхтатилади
Ўзбекистонда 15 августга қадар жорий этилган карантин чекловларига кўра, 2020 йил 31 июль, 1—2 август ҳамда 8—9 август (шанба ва якшанба) кунлари бутун сутка давомида республика бўйлаб ҳаракатланиш, автотранспорт воситаларининг, йўналишсиз таксиларнинг ҳаракати тўлиқ тўхтатилади.
Таъкидланишича, мазкур чеклов махсус рухсатнома (стикер)лар асосида ҳаракатланадиган автотранспорт воситаларига ҳамда Республика махсус комиссиясининг 2020 йил 8 июлдаги қарори билан тасдиқланган автотранспорт воситалари ҳаракатланишига махсус рухсатномалар талаб этилмайдиган ҳолатларга нисбатан татбиқ этилмайди.
Шу билан бирга, фуқароларга кечиктириб бўлмайдиган тез тиббий ёрдам кўрсатиш (ҳомиладорлик, туғруқ, тана жароҳати, ОИВ/ОИТС, онкологик ёрдам, нурланиш терапияси, гемодиализ ёрдамини кўрсатиш, тест ва қон топшириш, жарроҳлик амалиёти зарур бўлганда, инсон соғлиғига ва ҳаётига хавф туғдираётган бошқа ҳолатлар) билан боғлиқ ҳолларда тиббиёт муассасасига бораётган ва ундан қайтаётган шахсий автотранспорт воситалари ҳаракатланиши учун махсус рухсатномалар талаб этилмаслиги белгиланган.
Шунингдек, мамлакатдаги эпидемиологик вазият оғирлашганлиги муносабати билан, шунингдек, аҳоли ўртасида коронавирус инфекциясининг тарқалиш занжирини узиш мақсадида ҳамда эпидемиологларнинг тавсияларини инобатга олган ҳолда, 2020 йилнинг 31 июль, 1—2 август ҳамда 8—9 август (шанба ва якшанба) кунлари қуйидагилар тавсия этилган:
- аҳолига — ўзини ўзи яккалаш ҳаёт тарзига қатъий риоя этган ҳолда ўз уйларида қолиш;
- давлат органлари ва муассасалари, хўжалик бирлашмалари ҳамда бошқа ташкилотларга — ходимларни ишга жалб этмаслик, ходимларнинг ушбу кунларда уйда қолиши учун шароит яратиш.
Бундан ташқари, фуқароларга Қурбон ҳайитининг карантин талабларига мувофиқ, уй шароитида, оила даврасида, тартибли равишда карантин қоидаларига қатъий риоя этган ҳолда ўтказиш тавсия этилган.
Aввалроқ Мусулмонлар идораси Уламолар кенгашининг байрамга доир фатвоси эълон қилинганди.