Ўзбекистонда кўп болали оилаларнинг ҳуқуқий мақоми белгиланади
Кўп болали оилаларнинг ҳуқуқий мақомини аниқ белгилаш мақсадида Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг 2020 йил 5 август куни бўлиб ўтган мажлисида депутатлар “Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига қўшимча ва ўзгартишлар киритиш тўғрисида”ги қонун лойиҳасини иккинчи ўқишда муҳокама қилдилар.
Маълум қилинишича, мазкур йўналишда ўтказилган таҳлилларга кўра, «кўп болали оила» тушунчасига аниқ мезонлар белгиланмагани сабабли давлат томонидан берилаётган имтиёзлардан турлича фойдаланилаётган фактлар мавжуд бўлиб, бу, ўз навбатида, амалиётда ҳуқуқ нормаларини қўллашда ижтимоий адолат принципларининг бузилишига олиб келмоқда. Жумладан, «кўп болали оила» тушунчаси 21 та қонун ҳужжатида, 5 та қонунда қўлланилиб, уларда бу тушунчаларга турли талқинлар берилган. Юқоридагиларни ҳисобга олган ҳолда бугунги кунда қонун ҳужжатларида кўп болали оилаларнинг ҳуқуқий мақомини аниқ белгилаш зарурати вужудга келган.
«Қонун лойиҳаси билан Ўзбекистон Оила кодексига ‘кўп болали оила’ тушунчаси ва унинг ҳуқуқий мақомини белгиловчи қўшимча киритилмоқда. Унга кўра, тўрт нафар ва ундан ортиқ ўн саккиз ёшга тўлмаган боласи бўлган оила кўп болали оила ҳисобланади. Бунда агар тўрт нафар ва ундан ортиқ болаларидан бир нафари ёки ундан кўпроғи таълимнинг кундузги шаклида ўқиётган ҳамда йигирма икки ёшга тўлмаган бўлса, бу оила ҳам кўп болали оилалар тоифасига киритилади», дейилади хабарда.
Аввалроқ Молия вазирлиги «Ижтимоий ҳимоя ягона реестри» ахборот тизими ҳақида маълумот берган эди. Шунингдек, Бухорода 660 та оилага мўлжалланган тураржой қурилаётгани, улардан 64 таси оғир ижтимоий вазиятга тушиб қолган оилаларга берилиши хабар қилинган эди.