Ўзбекистонда ўтган 11 ой давомида қанча судья муддатидан олдин ваколатидан маҳрум қилингани маълум бўлди
Ўзбекистонда 2020 йилнинг 11 ойи мобайнида ўз фаолиятида камчиликларга йўл қўйган 8 нафар судьянинг ваколати муддатидан илгари тугатилган. Бу ҳақда Олий суд матбуот хизмати хабар берди.
Маълумотларга кўра, 30 ноябрь куни Олий судда «Одил судловни таъминлаш – Ўзбекистонни коррупциядан холи ҳудудга айлантиришнинг муҳим омили» мавзуида ўтказилган конференция давомида Коррупцияга қарши курашиш агентлиги директори ўринбосари айрим судьялар томонидан Судьяларнинг одоб-ахлоқ кодекси талабларини бузганлик ва ғайриқонуний хатти-ҳаракатлари содир этганликлари ҳолатларини қайд этган.
«Фақат ҳолатлар айтилиб, кўрилган чоралар ҳақида гапирилмаганлиги сабабли, бу масала тушунмовчиликлар келтириб, қатор ижтимоий тармоқларда кенг муҳокамага сабаб бўлди.
Шу ўринда жорий йилнинг 11 ойи мобайнида ҳақиқатдан ҳам ўз фаолиятида камчиликларга йўл қўйган 27 нафар судья интизомий жавобгарликка тортилганлиги, шунингдек 8 нафар судьянинг ваколати муддатидан илгари тугатилганлиги маълум қилинади», — дейилади Олий суд матбуот хизматининг расмий баёнотида.
Мавзуга доир: Ўзбекистонда судларга берилган даъволарни кўриб чиқиш жараёнини онлайн кузатиш мумкин бўлади
Аввалроқ Тошкент вилоятида уй қамоғидаги фуқаронинг зиёфатида қатнашган судья уни озодликка чиқаргани ҳақида хабар берилган эди.