«Ўзгидромет» Қамчиқ довонидаги об-ҳаво бўйича шторм огоҳлантириш эълон қилди
«Ўзгидромет» Ўзбекистонга 28 ноябрь куни Қамчиқ довонида кучли қор ёғиши, туман тушиб, шамол тезлиги кучайиши тўғрисида шторм огоҳлантириш эълон қилди. Бу ҳақда Гидрометеорология маркази матбуот хизмати хабар қилди.
Таъкидланишича, А-373 Тошкент—Ўш автомобиль йўлининг Қамчиқ довони қисмида қор, вақти-вақти билан эса кучли қор ёғиб, туман тушади. Кўринувчанлик 50 метргача пасайиши, шамол тезлиги секундига 17–22 метргача кучайиши мумкин. Гидрометеорология маркази йўлда қор уюмлари ҳосил бўлиши, йўлларни ях қоплаши ҳақида огоҳлантирган.
Шунингдек, Фавқулодда вазиятлар вазирлиги юқоридаги ҳолат сабаб йўл транспорт ҳодисалари билан боғлиқ фавқулодда вазиятларнинг олдини олиш мақсадида, довон ҳудудида ҳаракатланишда ҳайдовчилардан барча хавфсизлик чораларини кўришларини илтимос қилган.
Маълумот ўрнида, 27–28 ноябрда республика бўйича шамолнинг тезлиги 17–22 метр/секундгача, баъзи жойларида 25–27 метр/секундгачагача кучайиши кутилмоқда. 28–29 ноябрда барча жойларда ҳарорат кечалари 5–10 даража совуққача, кундуз кунлари 2 даража совуқдан 3 даража илиққача пасайиши мумкин.
Аввалроқ «Ўзгидромет» Ўзбекистонга 18–20 ноябрь кунлари Ғарбий Қозоғистон ҳудудидан совуқ ва нам ҳаво оқими кириб келиши тўғрисида шторм огоҳлантириш берганди.