Ўзбекистонда 27–29 ноябрь кунлари ҳаво ҳарорати кескин пасайиши маълум қилинди
Ўзбекистон ҳудудларига 27–29 ноябрда Каспий денгизи орқали Волгабўйи ҳудудлари устида шаклланган совуқ ва нам ҳаво массалари кириб келади. Бу ҳақда «Ўзгидромет» хабар қилди.
Хабарга кўра, 27 ноябрда Қорақалпоғистон, Хоразм, Бухоро ва Навоий вилоятларининг айрим жойларида ёғингарчилик (ёмғир, қор) бўлади, кечқурун эса Самарқанд ва Қашқадарё вилоятларининг айрим жойларига ёмғир ёғиши мумкин.
Шунингдек, 28 ноябрда Қорақалпоғистон, Хоразм, Бухоро, Навоий вилоятларидан ташқари республика ҳудудлари бўйича ёғингарчилик баъзи жойларда кучли (ёмғир, қор) бўлади. Республиканинг тоғ ҳудудларида қор ёғади, баъзи жойларда кучли бўлади. Йўлларда яхлаш кузатилади.
Республика бўйича 27–28 ноябрда шамолнинг тезлиги 17–22 метр секундгача, баъзи жойларда 25–27 метр секундгача кучайиши кутилмоқда.
Қайд этилишича, 28–29 ноябрда барча жойларда ҳарорат кечалари 5–10 даража совуққача, кундуз кунлари 5 даража совуқдан 3 даража илиққача пасайиши кутилмоқда. Шунингдек, ўртача кеча-кундузлик ҳаво ҳарорати меъёрдан 10–12 даражага кам бўлиши кутилмоқда.