Тошкентда қалбаки ҳужжат билан ўзбекистонликларни Умра зиёратига жўнатишни ваъда қилганлар ушланди
Тошкент шаҳрида қалбаки ҳужжат билан ўзбекистонликларни Умра зиёратига жўнатишни ваъда қилганлар ушланди.

Аниқланишича, Ўзбекистон фуқаролари И.Х., А.М., У.Х., Тожикистон фуқароси С.М. ҳамда бир нечта Қирғизистон фуқаролари уюшган жиноий гуруҳ ташкил этган. Улар олиндан тил бириктириб, Саудия Арабистони томонидан Қозоғистон ва Россия фуқароларига соддалаштирилган кириш режими (электрон виза) қўлланилганидан фойдаланиб, Умра зиёратига боришни режалаштираётган Ўзбекистон фуқароларига муайян ҳақ эвазига юқоридаги давлатларнинг сохта фуқаролик паспортларини тайёрлаб, мунтазам равишда ноқонуний йўллар орқали зиёратга юбориш билан шуғулланиб келган.
Жумладан, ДХХ томонидан Тошкент халқаро аэропорти орқали Тошкент–Ал-Кувайт йўналишида Қозоғистоннинг қалбаки паспортлари билан 40 нафар Ўзбекистон фуқаросини Умра зиёратига кетиши режалаштирилгани аниқланиб, улардан қалбаки паспортлар олиб қўйилган.
Бундан ташқари 6 февраль куни Саудия Арабистонига зиёрат учун кетаётган 47 нафар Ўзбекистон фуқароси БАА орқали САПга чиқиб кетаётганда сохта паспортлар билан ушланиб, мамлакатга «депорт» қилинган.





