Ўзбекистон сайтларига 2021 йилда қанча киберҳужум уюштирилгани маълум бўлди
Киберхавфсизлик маркази «Ўзбекистон Республикасида киберхавфсизликни таъминлаш» бўйича 2021 йил учун ҳисоботини эълон қилди.

Маълум бўлишича, 2021 йил ҳолати бўйича «.uz» миллий интернет сегментида 100 015 та домен рўйхатга олинган бўлиб, уларнинг 38 мингтаси фаол ҳисобланади. Фаол доменларнинг 14 мингтасида хавфсизлик сертификати мавжуд.
Миллий сегментдан 17 миллиондан ортиқ зарарли ва шубҳали тармоқ фаолликлар бўйича ҳолатлар аниқланган. Ушбу фаолликларнинг 76 фоизи бот-тармоқ иштирокчиларидан иборат.
Шунингдек, веб-иловаларни ҳимоя қилиш тизими ёрдамида интернет тармоғининг миллий сегментидаги сайтларга қилинган 1,3 миллиондан ортиқ киберҳужумлар аниқланган ва бартараф этилган. Энг кўп киберҳужум Ўзбекистон, Россия, Германия, Буюк Британия ва AҚШ ҳудудидан амалга оширилган.
Қайд этилишича, давлат органлари веб-сайтларининг хавфсиз ишлаши доирасида (ҳодисалар ва инсидентларнинг кечаю кундуз мониторингида) 2021 йилда 636 та хавфсизлик ҳодисаси кузатилган. Бу давлат ва хўжалик бошқаруви органлари, маҳаллий давлат ҳокимияти органлари ва бошқа ташкилотларнинг веб-сайтлари қарийб 1 миллион 48 минг 216 дақиқа иш фаолиятида бўлмаганлик (тўхтаб туриш) вақтини ташкил этади.





