Қўқонда хонадондан телевизор ва 2 та телефон ўғирлаган эркак қўлга олинди

Фарғона вилояти Қўқон шаҳрида 6 ноябрь, жума куни хонадондан телевизор ва 2 та телефон ўғирлаган эркак қўлга олинди. Бу ҳақда вилоят Ички ишлар бошқармаси ахборот хизмати хабар берди.

Маълум қилинишича, 7 ноябрь, шанба куни Қўқон шаҳри Муқимий кўчасида яшовчи Г.Р. исмли аёл ИИБга мурожаат қилган. Мурожаатда 6 ноябрь, жума куни номаълум шахс яшаш хонадонига ғайриқонуний равишда кириб, ошхонада бўлган нархи 2,5 миллион сўмлик «LG» русумли телевизори, 100 минг сўмлик «Nokia 6230» ва 120 минг сўмлик «Nokia 6300» русумли уяли телефон аппаратини ўғирлаб кетганини қайд этган.

Хабарга кўра, олиб борилган тезкор қидирув тадбирлари давомида мазкур жиноятни фуқаро К.Ў. содир этганлиги аниқланган ва унга нисбатан қамоққа олиш эҳтиёт чораси қўлланилган.

Таъкидланишича, мазкур ҳолат юзасидан Қўқон шаҳар Ички ишлар органлари фаолиятини мувофиқлаштириш бошқармаси ҳузуридаги тергов бўлими томонидан Жиноят кодексининг 169-моддаси (Ўғрилик) 2-қисми «г» банди билан жиноят иши қўзғатилган.

Маълумот ўрнида, юқорида кўрсатилган жиноятни содир этган шахс беш йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланиши мумкин.

Аввалроқ Марғилонда фуқаронинг уйидан 2 миллион сўм ўғирлаб кетган эркак ҳамда Олтиариқдаги бозорда фуқаро чўнтагидан салкам 4 миллион сўм ўғирлаган эркак қўлга олингани ҳақида хабар берилган эди.

Кейинчалик Олтиариқда фуқаронинг телефон ҳамда 50 минг сўм пулини ўғирлаган аёл ва Марғилонда қаровсиз қолдирилган «Gentra»ни олиб қочган жиноий шериклар ушлангани маълум қилинган.

Янгиликлар