Қўқонда жанжал оқибатида ҳайдовчига бир неча бор пичоқ санчган мактаб ўқувчиси суд қилинди
Фарғона вилояти Қўқон шаҳрида жанжал оқибатида ҳайдовчига бир неча бор пичоқ санчган 10-синф ўқувчиси 8 октябрь куни суд қилинди. Бу ҳақда Олий суд матбуот хизмати хабар қилди.
Хабарга кўра, воқеа 2019 йил 21 июль куни соат 13:00 ларда Форобий кўчасида жойлашган савдо мажмуаси олдида содир бўлган. Aниқланишича, Ҳ.М. мазкур мажмуа олдида шериги Х.Ж. билан турган вақтда «Nexia» автомашинаси ҳайдовчиси Т.Х. билан жанжал юзага келган. Таъкидланишича, Х.Ж. ҳайдовчи Т.Х.нинг юзига қўли билан бир марта уриб, унга тан жароҳати етказади. Жанжал муштлашишга айланганини кўрган Ҳ.М. ёнидаги «финка» пичоғини чиқариб, Т.Х.нинг чап елка ҳамда қуймичининг чап томонига, кўкрак қафасининг эса ўнг томон орқа юзаси соҳасига бир-неча маротаба санчган.
Қайд этилишича, Ҳ.М. Қўқон шаҳридаги 30-умумий ўрта таълим мактабининг 10-синфида ўқийди. Шунингдек, унга бундан аввал ҳам жиноят ишлари бўйича Учкўприк туман судининг 10 июндаги ҳукмига кўра 1 йил муддатга озодликдан чеклаш ҳамда жиноят ишлари бўйича Қўқон шаҳар судининг 10 cентябрдаги қарори билан 1 йилу 3 ой муддатга озодликни чеклаш жазоси тайинланган. Унинг навбатдаги жинояти 8 октябрь куни жиноят ишлари бўйича Қўқон шаҳар судида кўриб чиқилди.
Аввалроқ Чирчиқ темир йўл вокзалида вагон устида селфи олмоқчи бўлган ўқувчини ток ургани ҳамда Учқўрғонда трактор тиркамасига осилиб, йиқилган 9 ёшли бола шифохонада вафот этгани хабар қилинган эди.