Қозоғистон Ўзбекистон билан қуруқлик чегарасидаги чекловларни олиб ташлайди

Қозоғистон 11 апрелдан Ўзбекистон билан қуруқлик чегарасидаги чекловларни олиб ташлаши маълум қилинди.

Маълум қилинишича, шу кундан бошлаб Қозоғистоннинг Россия, Ўзбекистон ва Қирғизистон билан қуруқликдаги назорат-ўтказиш пунктларидаги қозоғистонликлар, фуқаролиги бўлмаган шахслар ва хорижликларнинг давлат чегарасини кесиб ўтишига қўйилган чекловлари бекор қилинади.

Бундан ташқари, Қозоғистон чегарасини ҳаво орқали кесиб ўтишга қўйилган барча чекловлар ҳам олиб ташланади. Бу бўйича коронавируснинг пайдо бўлиш ва тарқалишининг олдини олиш бўйича идоралараро комиссия йиғилишида маълум қилинган.

«Шу билан бирга, ПЗР усулидан фойдаланган ҳолда ковид учун тест натижаси салбий бўлган сертификат ёки эмлашнинг тўлиқ курси тугаганлигини тасдиқловчи ҳужжат/пасспорт тақдим этиш, ковидга қарши қайта эмлаш талаби сақланиб қолади», — дейилади ҳукумат хабарида.

Қайд этилишича, бош вазир ўринбосари Ерали Туғжанов комиссия йиғилишидаги нутқида давлат чегарасини очиш масаласи давлат раҳбарининг доимий шахсий назоратида эканини таъкидлаган. Шунингдек, ҳокимликларга коронавирусга қарши эмлаш ишларини алоҳида назоратга олиш бўйича топшириқ бериб, аҳоли ўртасида тушунтириш ишларини сифатли олиб бориш зарурлигини билдирган.

Янгиликлар