Қозоғистонда ўтган бир суткада 517 кишида коронавирус аниқланди, Россияда касалликдан вафот этганлар сони 15,5 мингга яқинлашди

Қозоғистонда 13 август маҳаллий вақт билан соат 15:30 ҳолатига кўра, коронавирус билан касалланганлар сони 101 372 нафарни ташкил қилмоқда. Қозоғистон бу кўрсаткич бўйича Марказий Осиёда пешқадам бўлиб турибди. Беморларнинг 76 756 нафари тўлиқ соғайган, 1269 нафари вафот этган. Шунингдек, ўтган бир сутка давомида 517 та янги ҳолат қайд этилган.

Фото: «Nur.kz»

Aввалроқ «Табигат» экологик бирлашмаси раҳбари Мэлс Елеусизов Олмаота шаҳрида трамвай қатновини тиклаш таклифи билан чиққани ҳақида хабар берилганди. Эко-фаол бу таклифни Қозоғистон экология, геология ва табиий ресурслар вазири Магзум Мирзагалиев билан онлайн учрашув пайтида билдирган.

Қирғизистон

Қирғизистонда 13 август маҳаллий вақт билан соат 15:30 ҳолатига кўра, 40 759 кишида коронавирус инфекцияси қайд этилган. Беморларнинг 33 318 нафари соғайиб, 1487 киши ҳаётдан кўз юмган. Ҳозирда мамлакатда 6264 киши коронавирусдан даволанмоқда. Маълумотларга қараганда, Қирғизистонда сўнгги 24 соат ичида коронавирус билан касалланганлар сони 16 кишига кўпайган, 3 нафар бемор вафот этган.

Фото: «Kloop»

Aввалроқ Қирғизистонда сўнгги бир суткада 10 нафар тиббиёт ходими COVID-19 юқтириб олгани хабар қилинганди. Мамлакатда жами 2991 нафар шифокор коронавирусга чалинган.

Тожикистон

Тожикистонда 13 август маҳаллий вақт билан соат 15:30 ҳолатига кўра, коронавирус билан касалланганлар сони 7912 нафарни ташкил қилмоқда. Беморларнинг 6696 нафари коронавирусдан тўлиқ соғайган бўлса, 63 нафари вафот этган.

Фото: «Asia-Plus»

Маълумот учун, аввалроқ Эрондан Тожикистонга 60 нафар фуқаро чартер рейс орқали қайтарилган.

Туркманистон

Туркманистон Марказий Осиёда коронавирус расман қайд этилмаган ягона давлат бўлиб турибди. Aйни пайтга қадар мамлакатда бирорта ҳолатда коронавирус инфекцияси қайд этилмаган. Aввалроқ Туркманистонда ички парвозлардан фойдаланувчи йўловчилардан COVID-19 тасдиқланмагани тўғрисида маълумотнома талаб қилинаётгани ҳақида хабар берилганди.

Фото: «Хроника Туркменистана»

«Arzuw news» нашрига кўра, эндиликда ушбу маълумотноманинг амал қилиш муддати 2 ҳафтадан 3 кунга қисқартирилган.

Россия

Россияда 13 август маҳаллий вақт билан соат 15:30 ҳолатига кўра, коронавирус билан касалланганлар сони 907 758 нафарни ташкил қилмоқда. Россия бу кўрсаткич бўйича дунёда AҚШ, Бразилия ва Ҳиндистондан сўнг тўртинчи ўринда бормоқда. Беморларнинг 716 396 нафари соғайган, 15 384 нафари вафот этган. Шунингдек, ўтган бир сутка давомида 5057 та янги ҳолат аниқланган.

Фото: «ТAСС»

Aввалроқ Россияда коронавирусга қарши ишлаб чиқилган вакцинанинг экспорт нархи маълум қилинганди. Таъкидланишича, вакцинани катта ҳажмда ишлаб чиқариш бошланганда нарх арзонлашади.

Янгиликлар