Ўзбекистонда айрим тоифадаги фуқароларга нафақа тайинланади
Вазирлар Маҳкамасининг қарори билан Ижтимоий ҳимояга муҳтож айрим тоифадаги фуқароларга нафақа тайинлаш бўйича давлат хизматлари кўрсатишнинг маъмурий регламенти тасдиқланди.
Маълум бўлишича, ижтимоий ҳимояга муҳтож айрим тоифадаги фуқароларга нафақа тайинлаш бўйича давлат хизматлари 1 августдан бошлаб кўрсатилади.
Қайд этилишича, Ижтимоий ҳимояга муҳтож айрим тоифадаги фуқаролар қуйидагилар ҳисобланади:
- ногиронлиги бўлган 18 ёшгача болалар, ОИВ инфекциясига чалинган 18 ёшгача бўлган шахслар ҳамда 18 ёшдан катта болаликдан ногиронлиги бўлган шахслар;
- давлат пенсиясини тайинлаш учун зарур бўлган иш стажига эга бўлмаган шахслар;
- болаликдан ногиронлиги бўлган фарзанди бор оналар;
- ёшидан қатъи назар иш стажига эга бўлмаган I ва II гуруҳ ногиронлиги бўлган шахслар;
- давлат пенсиясини олиш ҳуқуқига эга бўлмаган шахснинг қарамоғида бўлган оиланинг меҳнатга лаёқатли бўлмаган аъзолари.
Таъкидланишича, уларга давлат хизматлари Давлат хизматлари марказлари ва Ягона интерактив давлат хизматлари портали орқали бюджетдан ташқари Пенсия жамғармаси томонидан кўрсатилади. Нафақа пули нафақа етказиб бериш юкланган ташкилот томонидан тўланади.
Шунингдек, нафақалар тайинлаш тасдиқланган схемага мувофиқ амалга оширилади. Давлат хизматлари кўрсатилганлиги учун йиғим ундирилмайди.
Қуйидагилар давлат хизматларини кўрсатишни рад этиш учун асос ҳисобланади:
- мурожаат қилувчилар томонидан сўровномада нотўғри маълумотларнинг кўрсатилиши;
- сўровномада кўрсатилган маълумотларни тасдиқлашнинг рад этилиши.