Сардор Умрзоқов ЕТТБ бошқарувчилар кенгаши раисининг ўринбосари этиб сайланди
Ўзбекистон бош вазирининг ўринбосари — инвестициялар ва ташқи савдо вазири Сардор Умрзоқов Европа тикланиш ва тараққиёт банки бошқарувчилар кенгаши раисининг ўринбосари этиб сайланди. Бу ҳақда Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги матбуот хизмати хабар берди.
Маълум қилинишича, 2020 йилнинг 7—8 октябрь кунлари видеоконференция шаклида Европа тикланиш ва тараққиёт банки (ЕТТБ) Бошқарувчилар Кенгашининг йиллик йиғилиши ўтказилган. Тадбирда банкнинг 71 акциядоридан, шу жумладан, 69 мамлакат, Европа Иттифоқи ва Европа инвестиция банкидан бошқарувчилар ва бошқарувчиларнинг ўринбосарлари, шунингдек, банк раҳбарияти ва халқаро экспертлар иштирок этган.
ЕТТБ тарихида биринчи марта Банкнинг олий бошқарув органи — Бошқарувчилар Кенгаши Раисининг ўринбосари этиб банкнинг Ўзбекистондан бошқарувчиси, Ўзбекистон бош вазирининг ўринбосари — инвестициялар ва ташқи савдо вазири Сардор Умрзоқов сайланди.
Йиғилишда Уэльс шаҳзодаси Чарльз, Буюк Британия Ғазначилиги Канцлери, ЕТТБ Бошқарувчилар кенгаши раиси ва ЕТТБ президентининг вазифасини бажарувчиси қутлов нутқи билан сўзга чиққан. Йиғилишда асосий масала ЕТТБ Президентининг сайлови бўлган. Овоз бериш натижаларига кўра Франция Иқтисодиёт, молия ва тикланиш вазирлиги Ғазначилигининг бош директори Одиль Рено-Бассо 2021—2024 йиллар даври учун ЕТТБнинг янги президенти этиб сайланди.
Йиғилиш доирасида давра суҳбати ташкил этилиб, унинг давомида глобал ва минтақавий иқтисодиётнинг жорий тенденциялари, COVID-19’нинг ЕТТБга аъзо мамлакатлар иқтисодиётига таъсири, банкнинг унга аъзо мамлакатларни пандемия билан боғлиқ муаммоларни енгиб ўтишда қўллаб-қувватлаш бўйича фаолияти, шунингдек, 2021-2025 йилларга мўлжалланган ЕТТБ капитал қўйилмалари ва фаолияти бўйича стратегияси муҳокама қилинган.
Йиғилиш якунида, банкнинг келгусидаги истиқболларини белгилаб берувчи бир қатор қарорлар, шу жумладан, Ироқнинг ЕТТБ акциядорлари сафига қўшилиш бўйича буюртманомасини қабул қилиш тўғрисидаги резолюция қабул қилинди.
Маълумот учун, Европа тикланиш ва тараққиёт банки 1991 йил 28 мартда ташкил этилган. Штаб-квартираси Лондон шаҳрида жойлашган. Ўзбекистон 1992 йил 30 апрелдан бери ЕТТБ аъзосидир.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Шавкат МИрзиёев бош вазир ўринбосарлари Сардор Умрзоқов ва Жамшид Қўчқоровга саноат соҳасидаги муаммоларни ечиш юзасидан янги топшириқ берганди.
Сардор Умрзоқов ва Бирлашган Араб Амирликлари энергетика ва инфратузилма вазири Суҳайл бин Муҳаммад ал-Мазруий видеоконференция шаклида музокара ўтказиб, БАА Самарқандда тўрт юлдузли меҳмонхона ва савдо маркази қуриш учун 300 миллион доллар ажратишини маълум қилганди.