БАА Самарқандда тўрт юлдузли меҳмонхона ва савдо маркази қуриш учун 300 млн доллар ажратади
Ўзбекистон бош вазири ўринбосари — инвестициялар ва ташқи савдо вазири Сардор Умрзоқов ва Бирлашган Араб Амирликлари энергетика ва инфратузилма вазири Суҳайл бин Муҳаммад ал-Мазруий видеоконференция шаклида музокара ўтказди. Бу ҳақда ЎзА хабар берди.
Хабарга кўра, музокара давомида икки мамлакат ўртасидаги савдо-иқтисодий ва инвестициявий ҳамкорлик масалалари ҳамда стратегик шерикликнинг асосий йўналишлари, қўшма лойиҳаларни амалга оширишдаги ўзаро ҳамкорликнинг амалий жиҳатлари муҳокама қилинган.
Шунингдек, икки томонлама келишувларни амалга оширишда эришилган муҳим ютуқлар таъкидланган. Маълум қилинишича, устав капитали 1 миллиард долларга тенг Ўзбекистон—БАА қўшма инвестиция компанияси ўз операцион фаолиятини бошлаган. Толлимаржон электростанциясининг «Mubadala» компанияси томонидан хусусийлаштириш лойиҳаси доирасида электр энергиясини сотиб олиш бўйича инвестиция битимини келишиш жараёни ниҳоясига етмоқда. Бунга қўшимча, Самарқанд шаҳри инфратузилмасини модернизация қилиш ҳамда Самарқанд шаҳрида тўрт юлдузли меҳмонхона ва савдо маркази қурилишини молиялаштириш учун Абу Даби тараққиёт жамғармаси томонидан 300 миллион доллар ажратилиши маъқулланган.
Таъкидланишича, 2020 йил январь ойида Навоий вилоятида шамол электростанциясини қуриш лойиҳаси бўйича «Masdar» компанияси билан асосий юридик битим имзоланган. Минтақада 100 МВт қувватга эга қуёш электростанцияси қуриш лойиҳаси доирасида қурилиш ишларига тайёргарлик ҳам якунланган.
Шунингдек, нефть-кимё, энергетика, қишлоқ хўжалиги, инфратузилма, телекоммуникация, соғлиқни сақлаш, туризм ва молия секторларида янги инвестициявий лойиҳаларни биргаликда ишлаб чиқиш орқали инвестициявий ҳамкорликни ва саноат кооперациясини кенгайтириш борасидаги имкониятлар муҳокама қилинган.
Аввалроқ Наманганда 123 миллион долларлик лойиҳа асосидаги тематик парк фаолияти йўлга қўйилгани, Бухорода қурилаётган «Bukhara City»га 600 миллион доллар инвестиция жалб қилиниши хабар қилинган эди.