Шавкат Мирзиёев Александр Лукашенкони Беларусь президенти сайловида эришган ғалабаси билан қутлади

Президент Шавкат Мирзиёев Александр Лукашенкони Беларусь Республикаси президенти сайловида эришган ишончли ғалабаси билан қутлади. Бу ҳақда Президент матбуот хизмати хабар берди.

Фото: Президент матбуот хизмати

Давлат раҳбари ўз мактубида сайловчилар иштирокининг юқори даражаси ва овоз бериш натижалари Беларусь халқининг Александр Лукашенкога бўлган улкан ишончини ва бирдамлигини, аҳоли турмуш даражаси ва сифатини ошириш, мамлакатда барқарор иқтисодий ўсишни таъминлаш йўлида амалга оширилаётган самарали ислоҳотлар давом эттирилишини тўлиқ қўллаб-қувватлаётганини яна бир бор намоён этганини қайд этган.

Шунингдек, Шавкат Мирзиёев Ўзбекистон ва Беларусь ўртасида олий даражадаги учрашувларда эришилган келишувларни амалга ошириш икки томонлама муносабатларни аниқ мазмун — иқтисодиёт тармоқларида кооперация бўйича муҳим лойиҳалар ва гуманитар алмашинувга оид дастурлар билан бойитишига ишонч билдирган.

Президент қутлови якунида Александр Лукашенкога мустаҳкам соғлиқ, фаровонлик ва янги зафарлар, дўст Беларусь халқига эса тинчлик-осойишталик ва равнақ тилаган.

Аввлроқ Беларусдаги президентлик сайловларининг дастлабки натижалари эълон қилинганди. Шунингдек, Ўзбекистон МСК раиси ўринбосари Беларусдаги сайловларни холис кузатиш мақсадида мамлакатга ташриф буюргани ҳақида хабар берилганди.

Янгиликлар