Шавкат Мирзиёев шошилинч тиббий ёрдам илмий марказидаги янги бино қурилиши билан танишди
Шавкат Мирзиёев 20 ноябрь куни Республика шошилинч тиббий ёрдам илмий марказига борди. Бу ҳақда Президент матбуот хизмати хабар берди.
Қайд этилишича, илмий марказда кардиожарроҳлик, трансплантология ва нейро-қон-томир жарроҳлиги бўлимлари учун 75 ўринга мўлжалланган 5 қаватли бино қурилмоқда. Бунинг натижасида мазкур мураккаб йўналишларда замонавий шароит яратилади, ҳам жарроҳлик амалиётлари ўтказиш қамрови ошади.
Президент бўлимлар қурилишини кўздан кечирган. Бу шифохона илмий марказ эканига алоҳида урғу бериб, малакали хизмат қамровини кенгайтириш зарурлигини таъкидлаган. Бунинг учун уни бирламчи бўғин билан боғлаш, чет элдан олимларни жалб этиб, жойлардаги шифокорлар билан тажриба алмаштириш юзасидан кўрсатмалар берилган.
Таъкидланишича, ушбу бўлимларда йилига қўшимча 3 минг беморга юқори технологик шошилинч тиббий ёрдам кўрсатишга имконият бўлади. Бу ерда ишлайдиган шифокорлар Aвстрия, Туркия ва Япониядаги етакчи тиббий илмий марказларда малака ошириб қайтган.
Бундан ташқари, интервенцион муолажалар бўлимида ҳар йили қўшимча мингдан зиёд ўткир коронар синдром, бош мия қон айланишининг ўткир бузилишида юқори даражадаги минимал инвазив диагностика ва даволаш муолажалари ўтказилади.
Шунингдек, бинода реанимация бўлими, интенсив даволаш ўринлари, амалиёт бўлимлари, юқори технологик ускуналарга эга ташхислаш бўлими бўлади. Янги бино 2021 йилда фойдаланишга топширилади.
Aввалроқ Шавкат Мирзиёев аҳоли соғлиқни сақлаш тизимидан норози эканини айтгани ҳақида хабар берилганди. Шунингдек, Президент Мирзо Улуғбек туманидаги Республика кўп тармоқли тиббиёт маркази қурилишини бориб кўргани хабар қилинган.