Термиз шаҳар ҳокимлигининг 70 фоиз ходими коронавирусга чалингани ҳақидаги хабар рад этилди
Термиз шаҳар ҳокимлиги 6 август куни ижтимоий тармоқларда «Термиз шаҳар ҳокимлиги ходимларининг 70 фоизидан ортиғи коронавирусга чалинибди» деган мазмунда тарқалган хабар юзасидан расмий изоҳ берди.
Бугун инсоният жиддий синов билан юзлашган бир пайтда коронавирус инфекциясини юқтиришдан ҳеч ким истисно эмас. Бу касалликдан ҳеч ким кафолатли ҳимояланмаган.
Термиз шаҳар ҳокимлиги биносига кираверишда ҳароратни ўлчаш сканерлари, дезинфекция воситалари қўйилган. Ҳозирда фақатгина зарур бўлган ходимларгина бевосита ишга жалб этилган. Қолган мутахассисларнинг бир қисми қонунчиликда белгиланган тартибда меҳнат таътилига чиқарилган, қолганлари масофадан ишлаши ташкил этилган.
Термиз шаҳар ҳокимлигида ишловчи жами 3 нафар ходимда (70 фоизидан ортиғида эмас!) коронавирус инфекцияси аниқланган бўлиб, уларда касаллик симптомсиз кечаётгани учун уй шароитида даволанишмоқда. Инфекция аниқланган ходимлар уй шароитида, масофадан ишлаётган ҳамкасбларимиздир.
Шуни инобатга олиб, жамиятдаги барча жараёнларга бефарқ бўлмаган фуқароларимиздан COVID-19 пандемияси ва карантин тадбирлари фонида ижтимоий тармоқлар орқали тарқатилаётган ушбу мазмундаги ёлғон ахборотларга ишонмасликларини сўраймиз.
Ижтимоий тармоқлардаги гуруҳ администраторлари ҳамда шахсий аккаунт эгаларига эса аҳоли орасида турли миш-мишлар пайдо бўлишига олиб келадиган бундай ёлғон маълумотларни тарқатиш қонун олдида жавобгарликни келтириб чиқаришини эслатиб ўтамиз.
Термиз шаҳар ҳокимияти ахборот хизмати
Аввалроқ Халқ таълими вазирлиги «сўконғич ўқитувчи» видеосига расмий муносабат билдирганди. Самарқанд вилоят Соғлиқни сақлаш бошқармаси эса тиббиёт ходимларига қўшимча рағбат тўланмагани ҳақидаги хабарларга изоҳ берди.
Шунингдек, Миллий гвардия 2 ярим ёшли болани уриб ўлдирган ходимининг 19 йилга қамалгани бўйича расмий муносабат билдирди.