Тадбиркор божхона ходимига божхона тўловларини тўламаслик эвазига пора беришга уринди
Давлат бюджетига ундирилиши лозим бўлган божхона тўловларини тўламаслик мақсадида божхона ходимига пора беришга уринган шахс қўлга олинди. Бу ҳақда Xabar.uz маълум қилди.
Хабарга кўра, 2020 йилнинг декабрь ойида тадбиркор божхона ходимларидан бирининг телефон рақамини топиб қўнғироқ қилади ва учрашиб гаплашиб олишни айтади.
Ўзаро кўришганида эса ушбу шахс тез кунларда унга тегишли контейнерлар хориждан етиб келиши ва мазкур контейнерларни божхона постига ўрнатилган инспекцион кўрик мажмуаси орқали сканердан ўтказмасдан, «Хавфни бошқариш тизими»да хавф гуруҳига киритмаслик эвазига божхона ходимига пора таклиф қилади. Ходим эса бу ҳақида ўз раҳбариятини хабардор қилган.
Маълум бўлишича, 2021 йил январь ойининг бошларида ушбу тадбиркорнинг 3 та контейнердаги товарлари ҳали Ўзбекистон ҳудудига кириб келмаган вақтида у божхона ходимига 9400 АҚШ доллари ва 1 дона қимматбаҳо қўл соатини пора тариқасида берган. Аммо масъул ходимлар томонидан текширув ўтказилади.
Маълумотга кўра, 2021 йилнинг 14-15 январь кунлари кутилган 3 та контейнер «Чуқурсой техник идора» чегара-божхона пости орқали республикага кириб келган ва белгиланган тартибдa инспекцион кўрик мажмуаси орқали кўздан кечирилган.
Таъкидланишича, воқеа жойида қиймати 4 млрд 160 млн сўмлик 2 200 дона болалар, 800 дона катталар, 327 дона турли ўлчамдаги велосипед товарлари, велосипед эҳтиёт қисмлари ва бошқа товарлар, шунингдек, пора тариқасида тақдим қилинган 9400 АҚШ доллари ва 1 дона қўл соат ҳолатига аниқлик киритилгунга қадар, ҳуқуқбузарлик ашёси сифатида вақтинча сақловга олинган.
Ҳозирда мазкур ҳолат юзасидан божхона органлари томонидан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари давом эттирилмоқда.
Мавзуга доир: