Тойлоқда 53 та фермер хўжалигининг ер ва сув ресурсларидан фойдаланишда қонунбузарлиги аниқланди

Самарқанд вилояти Тойлоқ туманида олиб борилаётган ҳуқуқий тарғибот тадбирлари, мониторинг-таҳлилларга қарамасдан, ер ва сув ресурсларидан фойдаланишда қонунбузилиш ҳолатлари кузатилмоқда, деб хабар берди вилоят Aгросаноат мажмуи устидан назорат қилиш инспекцияси.

Маълум бўлишича, 2020 йилнинг январ-июль ойларида ўтказилган назорат тадбирларида 53 фермер хўжалиги томонидан қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари етиштиришда ер ва сув ресурсларидан фойдаланишда қонунбузилиш ҳолатлари содир этилган.

Инспекциянинг Тойлоқ туман бўлими бошлиғининг сўзларига кўра, ушбу фермер хўжаликлари раҳбарларига маъмурий иш қўзғатилиб, Тойлоқ туман маъмурий судининг тегишли қарори қабул қилинган. Шунингдек, инспекциянинг туман бўлими томонидан мазкур фермер хўжаликларига ажратилган ер майдонларини туман захирасига олиниши юзасидан туман ҳокимига тегишли тартибда тақдимнома киритилган.

Инспекциянинг вилоят бошқармаси бош инспектори Aбдували Худоёровнинг таъкидлашича, Aгросаноат мажмуи устидан назорат қилиш инспекцияси Тойлоқ туман бўлими томонидан қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари етиштиришда, айниқса, сув ресурсларидан оқилона фойдаланиш юзасидан қатъий мониторинг ўрнатилган. Ҳамкор ташкилотлар билан сув ресурсларининг кунлик таҳлили олиб борилмоқда.

Аввалроқ Самарқандда 1000 гектар ерга йилига икки марта ҳосил берадиган қулупнай нави экилиши ҳақида хабар берилганди. Шунингдек, Ўзбекистонда агрохизмат марказларини ташкил этишга 70 миллион доллар йўналтирилиши маълум қилинганди.

Янгиликлар