Чилонзорда 1,5 млрд сўмлик ўғрилик содир этилгани аниқланди

Чилонзор туманида жойлашган қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари ва ўсимликларни ҳимояловчи махсус дори воситаларини ишлаб чиқарувчи корхона раҳбари корхона омборидан жуда кўп миқдорда ўғрилик содир этилган ва бу ҳолатга қонуний чора кўрилишини сўраб ИИО ФМБ га мурожаат қилган. Бу ҳақда UzNews хабар берди.

Таъкидланишича, жиноятни ушбу омбор мудирининг Р. исмли ёрдамчиси ўғирлагани аниқланган. У кимёвий дори воситаларини кам миқдорда доимий равишда ўғрилаб келган. Шунингдек, у ўз хатти-ҳаракатларини яшириш мақсадида хизмат мавқеидан фойдаланиб, кузатув камераларини ўчирган ҳолда, электр тармоғини манбадан узиб, ўғриликни амалга ошириб келган.

Ўғриланган маҳсулотларни эса турли мижозларга арзон нархларда пуллаб, тўпланган маблағларни ўз манфаати йўлида сарфлаб келган.

Корхонага етказилган зарар 1 млрд 341 млн сўм дея баҳоланмоқда.

Ҳозирги вақтда гумонланувчига нисбатан Жиноят кодексининг 169-моддаси 4-қисми «а» банди билан жиноят иши қўзғатилган. Тергов-суриштирув ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Янгиликлар