Тошкент шаҳар ҳокимига янги ўринбосарлар тайинланди

Тошкент шаҳар ҳокимига 6 ноябрь, жума куни янги ўринбосарлар тайинланди. Бу ҳақда Тошкент шаҳар ҳокимлиги матбуот хизмати хабар берди.

Фото: Тошкент шаҳар ҳокимлиги ахборот хизмати

Ғофир Жамолов Тошкент шаҳар ҳокимининг ўринбосари — Уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш бош бошқармаси бошлиғи этиб тайинланди.

Ғофир Жамолов 1974 йилда Наманган шаҳрида туғилган, мутахассислиги — иқтисодчи-менежер. У 1997 йилда Наманган саноат технология институтини, 2006 йилда Президент ҳузуридаги давлат бошқаруви академиясини тамомлаган. Тайинловга қадар Ғофир Жамолов уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш вазири ўринбосари бўлиб ишлаб келган.

Фото: Тошкент шаҳар ҳокимлиги ахборот хизмати

Шунингдек, Мухтор Муҳитдинов Тошкент шаҳар ҳокимининг ўринбосари — Тошкент шаҳар каналлардан фойдаланиш ва уларга туташ ҳудудларни ободонлаштириш бошқармаси бошлиғи этиб тайинланди.

Мухтор Муҳитдинов 1973 йилда Тошкент шаҳрида туғилган. У 1996 йилда Тошкент давлат техника университетини, 2004 йилда Ўзбекистон стратегик таҳлил ва истиқболни белгилаш олий мактабини тамомлаган. Мутахассислиги механик, сиёсатшунос. Тайинловга қадар Мухтор Муҳитдинов Тошкент шаҳар Фавқулодда вазиятлар бошқармаси бошлиғи сифатида ишлаб келган.

Аввалроқ соғлиқни сақлаш вазирига янги ўринбосар тайинлангани ҳақида хабар берилганди.

Янгиликлар