Тошкентда олти йилдан буён фоҳишалик билан шуғулланиб келган уюшган гуруҳ қўлга олинди
Тошкент шаҳрида 3 октябрь куни олти йилдан буён фоҳишалик билан шуғулланувчи уюшган гуруҳ қўлга олинди. Бу ҳақда Тошкент вилояти Ички ишлар бош бошқармаси ахборот хизмати хабар берди.
Таъкидланишича, Тошкент вилояти ДХХ, Ички ишлар бош бошқармаси ҳамда вилоят прокуратураси ходимлари томонидан ҳамкорликда 3 октябрь куни тезкор тадбир ўтказилди. Тадбир давомида 32 ёшли С. исмли аёл ўзининг уч нафар жиноий шериклари билан уюшган гуруҳ ташкил этиб, 6 йил мобайнида Тошкент шаҳрининг турли жойларидан бир нечта ижарага олинган уйларда фоҳишахона ташкил қилган.
Фоҳишалик билан шуғуллантириш орқали пулга муҳтож аёлларни маълум миқдордаги пуллар эвазига бошқа эркаклар билан муттасил равишда жинсий алоқада бўлишларига ундаб, бу иш учун уларга шароит яратиб келган. Шунингдек, олган даромадларни гуруҳ аъзолари ўртасида тақсимлаб келинганлиги аниқланиб, ушбу гуруҳ аъзолари қўлга олинган.
Ҳозирда мазкур ҳолат юзасидан Тошкент вилояти ИИББ ҳузуридаги Тергов бошқармаси томонидан С. исмли аёл ва унинг 3 нафар жиноий шерикларига нисбатан Жиноят кодексининг 131-моддаси (Қўшмачилик қилиш ёки фоҳишахона сақлаш) 4-қисми «б, в» бандлари ва 135-моддаси (Одам савдоси) 3-қисми «г» банди билан айб эълон қилиниб, қамоққа олиш эҳтиёт чораси қўлланилган.
Аввалроқ Андижонда уйида фоҳишахона ташкил қилган аёллар қўлга олингани ҳақида хабар берилганди.