Saneg газ қазиб олиш ҳажмини 3,5 баробар оширди
Saneg — Ўзбекистондаги вертикал интеграциялашган сиклли энг йирик нефт ва газ компанияларидан бири. Компания Ўзбекистон Республикасида нефт қазиб олишни кўпайтириш давлат дастури ижрочиси бўлиб, 103 та нефт конида ер қаъридан фойдаланиш ҳуқуқига эга.
2019 йилда «Saneg»га конлар топширилган вақтда умумий нефт қазиб олиш ҳажми йилига 378 минг тоннани ташкил этар эди. 2022 йилда компания қазиб чиқаришни 586 минг тоннага етказишга муваффақ бўлди.
Мазкур хусусий компаниянинг $750 млн.дан ортиқ асосий инвестициялари ҳам нефт, ҳам газ соҳаларини ривожлантиришга қаратилган.
103 та нефт конида қидирув ишлари олдидан олиб борилган изланишлар доирасида Saneg мутахассислари 78 та конда газ уюмлари мавжуд ҳудудларни аниқлади, улардан 33 таси ҳозирда ўзлаштирилмоқда.
Шу тариқа, 2021 йилдан 2022 йилгача бўлган даврда компания газ қазиб олишни 3,5 баробарга — йилига 389 млн м3.дан 1,4 млрд м3.гача оширишга муваффақ бўлди.
Нефт қазиб олиш ва қайта ишлаш жараёнида конларда ажраладиган йўлдош нефт газини утилизация қилиш дастурининг ишга туширилиши компания ривожига катта туртки берди.
Машъала газларини утилизация қилиш мақсадсиз ёқиб юбориладиган газни тежаш ва «Ўзтрансгаз» АК газ узатиш тизими орқали аҳоли эҳтиёжлари учун жўнатиш имконини яратади.
«Шимолий Шўртан», «Ширкент» ва «Тўртсари» конларида 30 йилдан буён йўлдош нефт гази ёқиб келинаётган эди. Машъала газларини утилизация қилиш дастури машъаладан фойдаланмасдан газни цеолитни тозалаш иншоотларида сепарация қилиш ва қайта ишлаш йўли билан тайёрлаш учун йўналтиришни кўзда тутади», — деди Saneg ижрочи директори Тўлқин Юсупов.
Машъала газларидан фойдаланиш дастурини амалга оширишга йўналтирилган инвестицияларнинг умумий ҳажми $12,5 млн.ни ташкил этади.
Эслатиб ўтамиз, бугунги кунда Ўзбекистондаги газ қазиб олиш ҳажмининг қарийб 5 фоизи Saneg ҳиссасига тўғри келади. 2026-йилгача ишлаб чиқариш дастури доирасида компания газ қазиб олишни 3 млрд м3.гa етказмоқчи. Асосан, Бухоро-Хива нефт-газ ҳудудидаги конларни ўзлаштириш, замонавий геология-қидирув технологияларини жалб қилиш ҳисобига ҳажмларни оширишга эришиш режалаштирилган.
«Янги маҳсулдор уфқларда ер қаърининг нефт-газ салоҳиятини аниқлаш учун ўта чуқур қудуқларни бурғилаш, компания инвестиция объектларида, жумладан, Устюрт ҳудудида 3D қамровли сейсмик тадқиқотларни ўтказиш кабилар ҳозирги вақтда истиқболли йўналиш ҳисобланади. Янгиланган маълумотларни олгач, биз ўзимизнинг операцион фаолиятимизни кенгайтиришнинг, шунингдек, компаниянининг ишлаб чиқариш қувватларини янги даражага олиб чиқишнинг уддасидан чиқа оламиз», — таъкидлади Тўлқин Юсупов.