Ўзбекистонда сув ҳисоблагич ўрнатилмаган қудуқлардан фойдаланиш таъқиқланди

Ўзбекистонда ер ости сувини олиш иншоотларига ўрнатилган ускуналарни сув ҳисоблагич воситалари билан рўйхатдан ўтказиш ва пломбалаш бўйича тартиб тасдиқланди, дея хабар бермоқда Адлия вазирлиги.

Тартибга кўра, ер ости сувини олиш учун қўлланадиган иншоотларда сув ҳисоблагич бўлмаса, улардан фойдаланиш мумкин эмас.

Шу билан бирга, ер ости сувларини олиш иншоотларидан олинадиган сувни ҳисобга олиш учун фақат Давлат ўлчов воситалари реестрига киритилган сув ҳисобга олиш воситаларини ўрнатишга рухсат этилади.

Сув ҳисоблагич воситалари насосли қудуқларда сув сарфини бошқариш ускунасигача, фонтанли қудуқ ва чошмаларда эса бошқариш ускунаси ортидан ўрнатилади.

Давлат хизмати кўрсатилгани учун 50% БРВ  миқдорида тўлов ундирилади.

Ҳудудий гидрогеологик станциялар ва туман (шаҳар) давлат солиқ инспекциялари сўров юборилганидан кейин 10 кун ичида ер ости сувини олиш иншоотларига ўрнатилган сув ҳисоблагич воситаларини рўйхатдан ўтказади ва пломбалайди.

Мазкур ҳужжат 30 ноябрдан кучга киради.

Ўзбекистон