Уйчида адлия бўлими ходимлари «темир дафтар»даги 47 та хонадонга муаммолари бўйича ҳуқуқий маслаҳат берди
Наманган вилояти Уйчи туман адлия бўлими ходимлари томонидан 47 та хонадондаги «темир дафтар»га киритилган фуқароларга бепул ҳуқуқий маслаҳат берилди. Бу ҳақда вилоят адлия бошқармаси матбуот хизмати хабар қилди.
Хабарда айтилишича, хусусан, Уйчи туманининг «Исломобод» ҳамда «Мирзаровот» маҳалла фуқаролари йиғинларида истиқомат қилувчи 47 нафар «темир дафтар» рўйхатидаги хонадонларга кирилиб, бепул ҳуқуқий маслаҳатлар берилган.
«Бу борадаги фаолиятнинг асосий қисмини мурожаатларни ўз иш юритувга олиш жараёнлари қамраб олмоқда. Масалан, Уйчи туман «Дўстлик» МФЙда яшовчи фуқаро У.Қ., Тўрақўрғон тумани «Бирлашган» МФЙда яшовчи фуқаро З.М. ва Н.М., Чуст тумани «Меҳнатобод» МФЙда яшовчи фуқаро З.Қ.ларнинг иш ҳақини ундириш ва нафақа тайинлаш бўйича мурожаатлари адлия бўлимлари томонидан қабул қилиниб, иш юритувга олинди», дейилади хабарда.
Аввалроқ Марғилонда эҳтиёжманд аҳолининг 1600 дан ортиқ муаммоси ҳал этилгани ҳамда Наманган шаҳрида сўнгги 9 ойда салкам 8 минг нафар эҳтиёжманд фуқаро иш билан таъминлангани ҳақида хабар берилганди.