Наманган шаҳрида сўнгги 9 ойда салкам 8 минг нафар эҳтиёжманд фуқаро иш билан таъминланди
Наманган вилояти Наманган шаҳрида сўнгги 9 ой давомида 7905 нафар эҳтиёжманд фуқаро иш билан таъминланди. Бу ҳақда шаҳар ҳокимлиги ахборот хизмати хабар берди.
Маълум қилинишича, иш билан таьминланган 5488 нафар хотин-қиз, 2985 нафар ёшга бандлик ва меҳнат соҳасидаги хизматлар кўрсатилган ҳамда 2325 нафар хотин-қиз, 1802 нафар ёш ишга жойлаштирилган.
Таъкидланишича, ишсиз ва «темир дафтар»га киритилган кам таъминланган оила аъзоларини ҳақ тўланадиган жамоат ишларига жалб этган ҳолда бандлиги таъминланган. Хусусан, 996 нафар хотин-қиз ва 121 нафар ёш ҳақ тўланадиган жамоат ишларига жалб қилинган ҳамда уларнинг иш ҳаққи учун вазирлик ҳузуридаги Жамоат ишлари жамғармаси маблағлари ҳисобидан 1,6 миллиард сўм маблағ молиялаштириб берилган.
Бундан ташқари, 57 нафар хотин-қиз ва 17 нафар нафар ёш меҳнат бозорида талаб бўлган касбларга ўқитилган ҳамда 17 нафар ишсиз хотин-қиз ва 2 нафар ёшни ишсизлик даврида 14,2 миллион сўм ишсизлик нафақаси тўлаб берилган.
Аввалроқ Жомбойда 10 мингга яқин камбағал оила аъзолари ва Самарқандда 5,7 минг нафар ижтимоий ҳимояга муҳтож фуқаро доимий иш билан таъминлангани ҳақида хабар қилинган эди. Кейинчалик Наманган шаҳрида пандемия сабаб ишсиз юрган 30 нафар фуқаронинг мурожаати ўрганилгани ҳамда Фурқат туманида 375 нафар эҳтиёжманд фуқаро иш билан таъминлангани маълум қилинганди.