Жомбойда 10 мингга яқин камбағал оила аъзолари иш билан таъминланди

Самарқанд вилояти Жомбой тумани Халқ депутатлари кенгашининг Х сессияси ўтказилди. Бу ҳақда Жомбой туман ахборот хизмати хабар берди.

Фото: Жомбой тумани ҳокимлиги матбуот хизмати

Маълум қилинишича, депутат Ў.Нажмиддинов бошчилигида бўлиб ўтган тадбирда эҳтиёжманд оилаларни қўллаб-қувватлаш, тадбиркорликни ривожлантириш, бюджет даромадларини ошириш ҳамда хорижда меҳнат қилган ишсиз фуқароларни ишга жойлаштириш масаласи кўриб чиқилди. Шунингдек, коронавирус пандемияси шароитида 2020—2021 йилги ўқув йилини бошлаш тартиби тўғрисидаги масалалар муҳокама қилинди.

Ундан ташқари, сектор раҳбарлари бошчилигида ташкил этилган ишчи гуруҳ томонидан камбағалик рўйхатига киритилмаган, аммо ижтимоий ҳимояга муҳтож 176 та оила «темир дафтар»га киритилди. Уларда истиқомат қилаётган фуқаролар сони 706 нафарни ташкил этади. Яна 2132 та камбағал оиланинг 9635 нафар аъзоси иш билан таъминланди.

Фото: Жомбой тумани ҳокимлиги матбуот хизмати

Айтилишича, кам таъминланганларга енгил конструкцияли иссиқхоналар қуриб берилди. Шунингдек, турли тармоқларда норасмий фаолият юритиб келаётган 1680 нафар фуқаро бандлиги таъминланди. Туман ҳокими 597 та оиланинг доимий даромад манбаи шакллантирилиб, уларни камбағаллик рўйхатидан чиқариш таклифини киритди.

Aввалроқ Самарқандда яна 5613 та оила «темир дафтар»га киритилгани, 18 824 нафар фуқарога 220 минг сўмдан моддий ёрдам пули, Қоракўлда «темир дафтар»га киритилган оилаларга қарийб 2 миллиард сўм ва Андижон шаҳрида эҳтиёжманд оилаларнинг 518 нафар аъзосига 113 миллион сўмдан ортиқ пул маблағлари тарқатилгани ҳақида хабар берилганди.

Янгиликлар