Самарқандда 5,7 минг нафар ижтимоий ҳимояга муҳтож фуқаро доимий иш билан таъминланди

Самарқанд вилоятида 2020 йилда 5,7 минг нафар ижтимоий ҳимояга муҳтож фуқаро доимий иш билан таъминланди. Бу ҳақида «Zarnews» хабар берди.

Маълум қилинишича, 2020 йилнинг биринчи ярим йиллик якунида вилоятда меҳнатга лаёқатли аҳоли сони 2132,4 минг кишини ташкил этган. Шундан 74,9 фоизи ёки 1598,1 минг киши иқтисодий фаол аҳоли ҳисобланади.

Иқтисодиётнинг расмий секторда банд аҳоли сони 2019 йилга нисбатан 0,9 фоизга кўпайиб, 512,3 минг кишини ташкил қилган. Меҳнат мигрантларини ҳисобга олмаганда норасмий секторда банд бўлганлар сони 869,1 минг кишини ташкил этган.

Иқтисодий фаол аҳолининг 13,6 фоизи ёки 216,6 мингга яқин фуқаро иш ўринларига муҳтож. Ишсизлик даражаси аёллар ўртасида 17,3 фоизни ва ёшлар ўртасида 20,1 фоизни ташкил қилмоқда.

Шунингдек, барча меҳнат органларида жисмоний ва юридик шахсларга «Ягона ойна» тамойили асосида хизмат кўрсатиш тизими жорий қилинган. Натижада 2020 йилнинг 8 ойида меҳнат органлари томонидан 50,2 минг фуқарога бандлик соҳасидаги хизматлар кўрсатилган. Уларнинг 21,7 минг нафарини хотин-қизлар, 18,4 минг нафарини ёшлар ташкил этади.

Хусусан, 16,4 минг нафар ишсиз фуқаролар доимий иш жойларига ишга жойлаштирилган. 1,6 минг нафар фуқаролар меҳнат бозорида талаб юқори бўлган касбларга ўқитилган. 3,4 минг нафар ишсизларга ишсизлик нафақаси тайинланиб, ижтимоий муҳофазага олинган. 1,4 мингга яқин фуқароларга меҳнат бандлик масалалари бўйича ҳуқуқий маслаҳат хизматлари кўрсатилган.

Маҳаллий ҳокимликлар қарорлари асосида 2020 йилда 11,0 мингдан ортиқ иш ўринлари банд қилинган. Ушбу иш ўринларига 5,7 минг нафар ижтимоий муҳофазага муҳтож фуқаролар ишга жойлаштирилган.

Эслатиб ўтамиз, Каттақўрғонда икки мингдан ортиқ янги иш ўринлари яратилади.

Аввалроқ Бухоро туманидаги «Меҳнат ярмаркаси»да 20 нафар фуқаро ишга жойлашгани ва Когоннинг чўл ҳудудларида ишлаб чиқариш ҳажмини кенгайтириш эвазига қўшимча иш ўринларини яратилиши ҳақида хабар берилганди.