Каттақўрғонда икки мингдан ортиқ янги иш ўринлари яратилади

Ҳукуматнинг 2020 йил 23 сентябрдаги қарори билан 2020—2022 йилларда Самарқанд вилоятининг Каттақўрғон шаҳрини ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш ва камбағалликни қисқартириш чора-тадбирлари дастури тасдиқланди.

Дастурга асосан, белгиланган йилларда Каттақўрғон шаҳрини ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш ва камбағалликни қисқартириш мақсадида жами 204 та лойиҳанинг амалга оширилиши назарда тутилган. Хусусан, шаҳарда саноат, хизмат кўрсатиш ва қишлоқ хўжалиги соҳаларини ривожлантириш бўйича 117 та инвестиция лойиҳасининг амалга оширилиши ва бу орқали 2052 та янги иш ўрни яратилиши белгиланган.

Шаҳар бўйича жами 550 нафар ишсиз тикувчилик, компьютер саводхонлиги, маиший техника ускуналарини таъмирловчи уста, сартарошлик каби йўналишларда касб-ҳунарга ўқитилади. Шунингдек, 2020 йилда шаҳарнинг 2253 ишсиз аҳолиси жамоат ишларига жалб қилинади.

Таъкидланишича, шаҳарда «Ҳунармандчилик маркази» (ҳунармандчилик, миллий ширинликлар мажмуаси ва меҳмонхона) ташкил этилади. Бундан ташқари, қарор билан шаҳарда камбағалликни қисқартириш юзасидан амалга ошириладиган чора-тадбирлар тасдиқланган.

Аввалроқ Бухоро туманидаги «Меҳнат ярмаркаси»да 20 нафар фуқаро ишга жойлашгани ва Когоннинг чўл ҳудудларида ишлаб чиқариш ҳажмини кенгайтириш эвазига қўшимча иш ўринларини яратилиши ҳақида хабар берилганди.

Янгиликлар