«Права»ни янгисига алмаштириш учун қайта имтиҳон топшириладими?
Давлат хизматлари агентлиги «права»ни янгисига алмаштириш учун қайта имтиҳон топширилиши ҳақида тарқалган хабарга муносабат билдирди.

Маълум қилинишича, сўнгги пайтларда Давлат хизматлари марказларида узун навбатлар кузатилмоқда. Бунинг сабаби ўрганилганда ташриф буюрувчилар орасида ҳайдовчилик гувоҳномасини ҳужжатнинг янги намунадагисига алмаштириш муддати жорий йилнинг 1 мартига қадар экани ҳамда шундан кейин ҳайдовчилик гувоҳномаларини алмаштиришда қайта имтиҳон топшириш керак бўлади, деган нотўғри маълумот тарқалгани билан боғлиқлиги аниқланган.
«Азиз ҳайдовчилар, бу маълумот мутлақо ўринсиз. Аҳолига қулай бўлиши учун эски ҳайдовчилик гувоҳномасини янги намунадагисига алмаштириш 2022 йил 31 декабрга қадар давом этади. Қайта имтиҳон варақаси талаб этилмайди», дейилади хабарда.
Таъкидланишича, эски ҳайдовчилик гувоҳномаси қуйидаги муддатда янгисига мажбурий алмаштирилади:
● 2010 йилгача берилганлари — 2022 йил 31 мартгача;
● 2010–2012 йилларда берилганлари — 2022 йил 30 июнгача;
● 2013–2015 йилларда берилганлари — 2022 йил 30 сентябргача;
● 2015 йилдан кейин берилганлари — 2022 йил 31 декабргача.
«Бугунги кунда Давлат хизматлари марказларида эски намунадаги ҳайдовчилик гувоҳномасини ҳужжатнинг янги намунасига алмаштириш имкони яратилган», дея қўшимча қилинган хабарда.





