ЖССТ бош директори Ўзбекистонни Оналик ва болаликни муҳофаза қилиш дастурига киритиш масаласини ўрганишга тайёрлигини билдирди
Сенат раиси Танзила Норбоева Женевага ташрифи доирасида Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти бош директори, доктор Тедрос Гебреесус, Бутунжаҳон интеллектуал мулк ташкилоти бош директори Дарен Танг, БМТнинг Женевадаги Аргентина, Босния ва Герцеговина, Ливан Доимий ваколатхоналари ва Швейцариядаги бошқа ташкилотлар раҳбарлари билан учрашди. Бу ҳақда Сенат матбуот хизмати хабар берди.
Маълум қилинишича, учрашув давомида ЖССТ бош директори Тедрос Гебреесус Ўзбекистоннинг БМТнинг Инсон ҳуқуқлари бўйича кенгашига сайлангани билан қутлаган. Шунингдек, ЖССТ бош директори мамлакат раҳбариятига коронавирус инфекциясининг тарқалиши даврида Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти услубий тавсияларини қўллаб-қувватлагани ва уларга амал қилгани учун миннатдорлик билдирган.
Шунингдек, ЖССТ бош директори Ўзбекистонни Уоррен Баффет фонди билан ҳамкорликда техник кўмак бериш лойиҳаларини амалга оширишга қаратилган Оналик ва болаликни муҳофаза қилиш дастурига киритиш масаласини ўрганишга тайёрлигини билдирган.
Таъкидланишича, БИМТ бош директори Дарен Танг учрашувда Ўзбекистон БМТнинг Инсон ҳуқуқлари бўйича кенгашига сайлангани билан табриклаган ва БИМТ Ўзбекистонда интеллектуал мулк ҳуқуқларини ҳимоя қилиш бўйича юз бераётган ўзгаришларни кузатиб боришини қайд этган. Дарен Танг мамлакатда интеллектуал мулкни ривожлантиришнинг уч йиллик стратегиясини ишлаб чиқишда Ўзбекистонга ҳар томонлама ёрдам беришга тайёрлигини билдирган.
Учрашув давомида Дарен Танг миллий брендларни яратиш ва географик номларни халқаро миқёсда ҳимоя қилиш масалаларига тўхталиб ўтган.
«Ўзбекистоннинг қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари, халқ амалий санъати ва ҳунармандчилиги бутун дунёга донг таратган. Биз уларни халқаро даражада ҳимоя қилишда, шунингдек Сингапурда уларни Ўзбекистонда қўллаш учун интеллектуал мулкни ҳимоя қилиш бўйича тажриба алмашишда кўмак беришга тайёрмиз», — деди БИМТ бош директори.
Кейинчалик Аргентина, Босния ва Герцеговина, Ливан элчилари билан учрашувларда бир қатор муҳим масалаларни муҳокама қилинган. Босния ва Герцеговина дипломатик ваколатхонаси раҳбари Ўзбекистон сўнгги йилларда инсон ҳуқуқларини таъминлаш ва мамлакатда парламентарни ривожлантириш борасида қуйидагиларни таъкидлаган:
«Ўн йиллик тажрибага эга бўлган ҳолда, юртингизда юз бераётган ижобий ўзгаришларни кузатиб бордим. Ишонч билан айтишим мумкин, янги Ўзбекистон тўғри йўналишда».
Женевага ташриф давомида Ўзбекистон парламенти юқори палатаси раҳбари Танзила Норбоева Европа хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилотининг гендер тенглик масалалари бўйича Учинчи Таҳлилий конференциясида ҳам иштирок этиб, нутқ сўзлаган.
Мавзуга доир: Танзила Норбоева Женевада етакчи халқаро ташкилотлар раҳбарлари билан музокаралар ўтказади
Аввалроқ Танзила Норбоева Шавкат Мирзиёевнинг БМТ шафелигида пандемия даврида давлатларнинг ихтиёрий мажбуриятлари кодексини ишлаб чиқариш бўйича таклифи бўйича фикр билдиргани ва БМТнинг Хотин-қизлар ҳолати бўйича тўртинчи Бутунжаҳон конференциясида нутқ сўзлагани ҳақида хабар берилган эди. Шунингдек, Сенат раиси «Аёллар тараққиёти ва фаровонлиги глобал ташаббуси» бўйича саъй-ҳаракатга чақириқни Ўзбекистон номидан имзолагани ҳамда Халқаро қизлар кунига бағишлаб ўтказилган учрашувда иштирок этгани маълум қилинганди.